Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари табиий газ билан тўлиқ таъминланиши ростми?

Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари табиий газ билан тўлиқ таъминланиши ростми?

Фарғона вилояти ҳудудий газ таъминоти филиалида “Куз-қиш мавсумига тайёргарлик: газдан фойдаланишда хавфсизлик ва тежамкорлик омиллари” мавзуида пресс-тур ва республика семинари бошланди. Анжуманда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти масъул ходимлари, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари иштирок этмоқда.

Тадбирни ўтказишдан мақсад “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан 2019-2020 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик чора-тадбирлари, газдан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ОАВ вакилларига ахборот бериш, журналистларни Фарғона шаҳридаги аҳоли хонадонларида фойдаланилаётган тежамкор ускуналар ва иситиш тизимлари, шунингдек, замонавий горелкадан фойдаланаётган тадбиркорлар фаолияти билан таништиришдан иборат. 

Маълумки, республика иқтисодиёти тармоқлари ва уй-жой фондининг табиий газ ресурсига бўлган эҳтиёжи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бугунги кунда республикамиз бўйича 3 374 344 та аҳоли хонадонлари табиий газ тармоғига уланган бўлиб, шундан 68,3 фоизи автоматик бошқарув тизимига эга бўлмаган газ ёндиргичларидан фойдаланмоқда. Натижада иситиш мавсумида 575,0 миллион куб метр ҳажмдаги (184,0 млрд. сўмлик) табиий газ беҳуда сарфланмоқда. 

Шу кунларда турли ижтимоий тармоқларда бу йил юртимизнинг барча ҳудудлари табиий газ билан тўлиқ таъминланади, деган хабарлар тарқалмоқда. Бу қанчалик ҳақиқат. Биз бу борада мутахассисга мурожаат қилдик.

– Жорий йилда республика бўйича табиий газ етказиб берилиши кафолатланган ҳудудлардаги истеъмолчилар тўлиқ табиий газ билан таъминланишида муаммо бўлмайди, – дейди “Ўзтрансгаз” АЖ бошқарма етакчи мутахассиси Ҳакимжон Қўшбоқов. – Шунингдек, аҳоли куз-қиш мавсумида суюлтирилган газ билан ҳам вақтида таъминланади. Биз барча саъй-ҳаракатларимизни ана шунга қаратганмиз. Ўтган йилгача Фарғона водийсида куз-қиш мавсумигача табиий газ билан таъминлаш борасида муаммолар кузатилар эди. Совуқ тушиши билан табиий газ босими кескин пасайиб кетарди. Қозоғистон билан келишувга асосан Фарғона водийси истеъмолчиларини бир маромда ҳамда барқарор табиий газ билан таъминлашга эришилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!