Ўзбекистонликларнинг 62 фоизига АҚШ визаси берилмайди

Ўзбекистонликларнинг 62 фоизига АҚШ визаси берилмайди

АҚШ визасига мурожаат қилган ўзбекистонликларнинг ярмидан кўпига рад жавоби берилади. Америкага иммиграция ва фуқаролик масалалари билан шуғулланадиган Uzbekimmigrant сайти маълум қилишича, Марказий Осиё давлатлари орасида энг кўп Ўзбекистон фуқароларига АҚШ турист визаси рад этилади. 2018 йилда бу визага Ўзбекистондан мурожаат қилганларнинг 61,76 фоизи рад жавобини олган. Сомалида виза деярли ҳеч кимга (90,16% рад жавоби) берилмас экан. Бу ҳақда "minbar.uz" ёзмоқда.

B1/B2 виза нима ўзи

Чет эл фуқаролари АҚШга қисқа муддатли саёҳат қилиш учун Б визасиниолишлари керак. Б визаси ноиммиграциявий виза бўлиб, кишига АҚШга тадбиркорлик, туризм ва/ёки дам олиш мақсадида вақтинча яшаш имтиёзини беради.

  • Йилига дунё бўйлаб ўртача 6 миллион кишига Б1/Б2 визаси берилади.
  • 2018 йилда тахминан 7,400 Ўзбекистон фуқароси Б1/Б2 визасини олган.

АҚШда Марказий Осиёдан кўпроқ қозоқларни хуш кўришади, қолганларни унча эмас:

2018-йилда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари орасида энг кўп Ўзбекистон фуқароларининг турист визаси рад этилиши мумкин. 2018-йилда Б1/Б2 визасига мурожаат қилганларнинг 61,76% рад жавобини олган. Рад жавобини энг кам Қозоғистон фуқаролари олган (39,38%).

Собиқ Совет Иттифоқи Республикалари орасида турист визаси рад этилиши эҳтимоли:

Собиқ Совет Иттифоқи Республикалари орасида Грузия охирги уч йилда турист визасини олиш эҳтимоли энг кам бўлган давлат. Ўртача мурожаат қилганларнинг 62% рад жавобини олади. Ўзбекистон 2018 ва 2016 йилларда Грузиядан кейин иккинчи ўринда келган—рад жавобини олиш эҳтимоли ўртача 59%.

Турист визаси нега рад этилиши мумкин?

Б1/Б2 визаси ноиммиграцион виза бўлиб, кишига АҚШда вақтинча яшаш имтиёзини беради.

Консуллик ходимларининг вазифаси АҚШда виза қоидаларини бузиб, белгиланган муддатдан кўпроқ ёки доимий қолиб кетиши мумкин бўлган кишиларни аниқлаш ва уларга турист визасини бермаслик.

Шунинг учун Б1/Б2 визасига мурожаат қилган киши, Консуллик ходимини АҚШда вақтинча бўлишини, белгиланган муддат ўтганиндан кейин эса Ўзбекистонга қайтишига ишонтириши керак. Бунга АҚШда қолиб кетиш нияти йўқлигини (“non-immigration intent”) кўрсата олиш талаби дейилади.

Қолиб кетмаслик ниятини текширишда консуллик ходими қуйидагиларни эътиборга олиши мумкин:

  • АҚШга турист сифатида бориш режасининг пухталиги;
  • Саёҳат қилиш учун маблағнинг борлиги ва етарлиги, маблағнинг манбайи;
  • Ўзбекистонга қайтиб келишни ундовчи факторлар (оила, иш жойи, таълим олиш жойи ва ҳкз. мавжудлиги);
  • Ўзбекистонда мулки борлиги (уй-жой, корхона, фаол тадбиркорлик ва ҳкз.).

Бундан ташқари, консул саволларига ҳаққоний жавоб бериш ва қалбаки ҳужжатлардан фойдаланмаслик муҳим роль ўйнайди. Ёлғон гапирганга келажакда виза умуман берилмаслиги мумкин.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!