Ўзбекистонлик талабалар “Озарбайжон маданиятининг ёзги мактаби” лойиҳаси доирасида Озарбайжонга ташриф буюрдилар
Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан амалга оширилаётган “Озарбайжон маданиятининг ёзги мактаби” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикасидан бир гуруҳ талабалар Озарбайжонда сафарда бўлиб турибди.
12–18 июль кунларини қамраб олган ёзги мактабнинг илк кунида иштирокчилар Ганжа шаҳрининг тарихий ва маданий масканларини зиёрат қилдилар. Дастур доирасида ўзбекистонлик ёшлар буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавий мақбараси, Низомий Ганжавий музейи, шунингдек, Ганжа мемориал мажмуаси билан яқиндан танишдилар.
Зиёратлар давомида иштирокчиларга буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавийнинг ҳаёти, бой адабий-фалсафий мероси, жаҳон адабиёти ҳамда инсоният тафаккури тараққиётига қўшган муҳим ҳиссаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, шоир таваллудининг 885 йиллиги муносабати билан амалга оширилаётган тадбирлар ҳамда унинг меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Ганжа мемориал мажмуасида иштирокчиларга 44 кунлик Ватан уруши даврида Арманистон Қуролли Кучлари томонидан Ганжа шаҳрининг ракета ҳужумларига учратилгани ва ушбу ҳужумларнинг тинч аҳоли учун келтириб чиқарган фожиали оқибатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, Озарбайжон Республикаси Президенти жаноб Илҳом Алиев ташаббуси билан барпо этилган ушбу мажмуа ракета ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган тинч аҳоли хотирасини абадийлаштириш ҳамда мазкур фожиаларга оид тарихий ҳақиқатларни жаҳон жамоатчилигига етказишга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, бир ҳафта давом этадиган ёзги мактаб доирасида ўзбекистонлик ёшлар иштирокида концерт дастурлари ва турли маданий тадбирлар ташкил этилади. Дастур доирасида иштирокчиларнинг тарихий-маданий ёдгорликлар, музейлар ҳамда Озарбайжоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини акс эттирувчи муҳим объектлар билан танишиши ҳам режалаштирилган. Ёзги мактаб ўзбекистонлик ёшларнинг Озарбайжон ҳақидаги билимларини кенгайтириш, мамлакатимизнинг тарихий ва маданий меросини тарғиб этиш, шунингдек, Озарбайжон–Ўзбекистон маданий-гуманитар алоқаларини янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
