Ўзбекистонга келган туристда коронавирус аниқланса, у ўз юртига қайтарилади — ТИВ

Ўзбекистонга келган туристда коронавирус аниқланса, у ўз юртига қайтарилади — ТИВ

Ташқи ишлар вазирлиги коронавирус пандемияси даврида хорижий давлатлар ҳудудидан Ўзбекистонга ташриф буюриш бўйича тартиблар тўғрисида маълумот берди.

Унга кўра, ҳаво ва темир йўл орқали ташриф буюраётган шахслар Ўзбекистонга келиш учун ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР (полимера занжирли реакция) орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим қилади.

ПЗР тест ўтказиш орқали коронавирус инфекцияси мавжудлигини текшириш ҳуқуқига эга лабораториялар ва тиббиёт муассасалари рўйхатини СЭСнинг сайти орқали кўриш мумкин.

Ўзбекистонга автойўл чегара ўтказиш пунктлари оркали кириб келаётган шахслар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа кайд этилган маълумотнома тақдим этилган такдирда мамлакат ҳудудига киритилади.

Шунингдек, «сариқ» ва «қизил» тоифага ажратилган давлатлардан кириб келаётган шахслар Ўзбекистон ҳудудига киришда мажбуриятнома тўлдирган ҳолда, 14 кунга яшаш жойи бўйича ёки меҳмонхонада уй карантинини ўташлари талаб этилади.

ТИВ қайд этишига кўра, Ўзбекистонга турист сифатида келаётган чет эл фуқаролари ва мамлакатда доимий истиқомат қилмайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларни таклиф қилган туроператор томонидан ДХХ Чегара қўшинлари ва Давлат божхона қўмитаси вакилларига зарурат бўлганда туризм хизмати кўрсатилаётган шахслар ва туризм хизматини кўрсатиш шартномаси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ваучер тақдим қилинади.

Давлат чегаралари ўтиш пунктларида, халқаро аэропорт ҳамда вокзаллардан Ўзбекистонга «сариқ» ва «қизил» давлатлардан туроператор ёки турагент хизматларидан фойдаланмаган ҳолда мустақил ташриф буюраётган туристлар умумий тартибда кириб келиши белгиланган.

Ўзбекистонга кириш вақтида турист томонидан коронавирус инфекциясининг мавжуд аломатлари туфайли топширилган тест натижалари мусбат чиққанда ўз мамлакатига қайтиб кетиш масаласи шу кундаги муайян авиакомпания ёки бошқа транспорт компанияларининг йўловчиларни ташиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!