Ўзбекистонга атом энергетикаси нима учун керак?

Ўзбекистонга атом энергетикаси нима учун керак?

Электр энергияси нега етишмаяпти?

Бугунги Ўзбекистон жадал ривожланаётган мамлакатлардан бири. Юртимизда саноат, хусусий бизнес, ижтимоий соҳа тараққий этяпти. Аммо тараққиёт энергия қувват талаб қилади. Шу ўринда, ишлаб чиқариш тармоқлари билан бир қаторда аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган энергия, жумладан, электр энергияси миқдори йилдан- йил кўпаяётганини таъкидлаш керак. 1990 йиллар бошида бир хонадонда уч, тўртта чироқ, дазмол, телевизор, холодильник бўлса, ҳозирда уйларимизни иситиш, совитишдан тортиб, аёлларнинг пардоз анжомлари, болалар ўйинчоқлари-ю кир ювиш, қуритиш жараёнлари, телефон, интернет тармоғигача электрдан қувват олади. Бундан ташқари, 1990 йиллардан буён Ўзбекистонда аҳоли сони кескин ошди. Қишлоқ, шаҳарлар кенгайди. Янги аҳоли массивлари вужудга келди. Статистик маълумотларга кўра, 2000 йилда республикамизда умумий электр энергияси истеъмолида аҳолининг улуши 13,9 фоизни ташкил этса, 2018 йилда бу кўрсаткич қарийб икки баробар ортиб, 26,5 фоизга етган.

Аммо мамлакатимизда мавжуд энергия тизимларининг қуввати 14,15 ГВтни ташкил этади холос. Бу эҳтиёжни тўла қондириш учун етарли эмас. Ускуналарнинг асосий қисми (қарийб 81 фоизи) эскирган энергоблоклар бўлиб, улар 1939 йилдан 1995 йилгача бўлган даврда ишга туширилган. Натижада жойларда электр таъминоти масалаларида жиддий камчиликлар кузатила бошланди. Энергетик очлик ҳатто йирик, саноатлашган шаҳарларни ҳам ташвишга солди.

Вужудга келган вазиятда Ўзбекистонда Росатом корпорацияси томонидан ишлаб чиқилган ССЭР-1200 атом реакторлари негизида умумий қуввати 2,4 Гвт бўлган икки блокдан иборат илк атом электр станциясини қуриш ўз вақтида қабул қилингани одилона қарордир.

Атом электр станцияси вазиятни ўнглай оладими?

Бугунги кунда мамлакатимизда гидро электр станциялардан фойдаланиш имконияти деярли поёнига етди. Қурилаётган ва қурилиши режалаштирилаётган кичик ГЭСлар юзага келган ҳолатни тубдан ўзгартира олмайди. 2017 йил апрель ойида Ўзбекистон Иқлим бўйича Париж битимига қўшилди. Битимга аъзо мамлакатлар атмосферага карбонат ангидрид газини чиқаришни камайтириши лозим. Бу ҳозирги кунда Ўзбекистонда улуши 87 фоизни ташкил этган иссиқлик электр станцияларидан фойдаланишни қисқартиришни назарда тутади.

Қайта тикланадиган энергия манбалари томонидан ишлаб чиқарилаётган электр энергияси таннархининг қимматлиги, барқарор эмаслиги ва самарадорлиги пастлиги сабабли улар муаммони тўла ҳал эта олмайди. Шу боис атом энергетикасини ривожлантириш биз учун айни муддаодир.

АЭС хавфсизлиги қандай таъминланади?

3+ авлодига мансуб ССЭР-1200 атом реактори бугун дунёда мавжуд бўлган энг хавфсиз ядро энергетика қурилмаси ҳисобланади. Хавфсизлик, экология, иқтисодий самара ва ижтимоий омил шу тўртта жиҳат реакторни ишлаб чиқарувчиларнинг асосий тамойилидир. Реактор қарийб 30 та фаол ва пассив ҳимоя қатламларига эга. Станция реакторининг ташқи қобиғи самолётнинг тўғридан-тўғри қулашига дош бера олади.

Чернобиль ва Фукусима

Бугун ядро технологиялари ўтган асрнинг 50-60 йиллардагига нисбатан кескин илгарилаб кетди. Жумладан, 3+ авлодидаги ССЭР-1200 реакторларининг мутлақо автоматлашган ҳимоя қатламлари авариялар содир бўлишига йўл қўймайди.

Чернобиль ва Фукусимадаги ҳалокатларга келадиган бўлсак, ушбу реакторлар ўтган асрнинг 60-йилларида барпо этилган эди. Чернобиль АЭС ҳалокатининг асосий сабаби инсон омили бўлган. Фукусима АЭСда эса табиий офат ва уни лойиҳалаштиришдаги хатолар ҳалокатни юзага келтирган.

Экологияга фақат фойда бўлади

АЭСдан фойдаланиш атмосферага карбонат ангидрид гази, ис гази, азот оксидлари ва олтингугурт ажралиб чиқишини истисно қилади. Ўртача қувватдаги ИЭСни кўмир ёқилғисида ишлатиш учун 6 миллион тонна кўмир керак бўлади. Бунинг натижасида ҳар йили 20 миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид гази, 2 миллион тоннагача кул, жумладан, деярли назорат қилиб бўлмайдиган учар кул ажралиб чиқади.

Бундай қувватдаги АЭСдан фойдаланганда эса 50 тоннагача радиоактив чиқинди пайдо бўлади, улар тўлиқ назорат остига олинади. Кўмилиб, қўриқланади. Ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси қолдиқлари, дунёда шаклланган амалиётга кўра, уни тайёрлаган мамлакатга жўнатилади. ИЭСдан чиқадиган радиоактив моддалар АЭСдан чиқадиган радиоактив моддаларга нисбатан 10-11 баравар кўп. АЭСдаги мазкур чиқиндилар асосан кам яшайдиган радиоактив инерт газлар ҳисобидан бўлса, ИЭСдан ажралиб чиқадиган чиқиндилар узоқ яшовчи радиоактив, юқори даражада заҳарли оғир металлардан ташкил топади.

Электр нархи пасаядими?

Атом станцияларида электр ишлаб чиқариш таннархи бошқа манбалар ҳисобидан ишлаб чиқарилган токникидан анча арзонга тушади. Жаҳон бозорида нархлари тез-тез ўзгариб турувчи нефт, газ, кўмир каби углеводородларга нисбатан нархи муқим бўлган ёқилғига асосланади. Атом асосида электр ҳосил қилишда уран таннархининг улуши 4-5 фоиз бўлиб, бу уран нархининг ўзгариб туриши ишлаб чиқариладиган электр энергиясига деярли таъсир қилмаслигини билдиради. Натижада, биз атом киловатти таннархини ҳам бир неча йил олдинга башорат қилишимиз мумкин ва бу энергия тарифида барқарорликни англатади. АЭСга киритиладиган инвестициялар кейинги бир неча ўн йилда энергия арзон ва хавфсиз бўлишига кафолат беради.

Илҳом СОДИҚОВ
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Ядро физикаси институти директорининг ўринбосари,
техника фанлари доктори

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!