Ўзбекистондаги энг кўп имтиёз олган корхоналар очиқланди
2024 йилда солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳолатлари таҳлил қилинди.
Давлат Раҳбарининг 6247-сон фармонида Солиқ ва Божхона қўмиталари, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар чоракда солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектлар, уларнинг якуний бенефициар жисмоний шахслари, тўлаган солиқлари ва молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотларни очиқ эълон қилиниши белгиланган.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ташкилотларнинг 2024 йил 1-ярим йиллик якуни бўйича солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланганлик ҳолати таҳлил қилинди.
Унга кўра, 1-ярим йиллик якуни бўйича фойдаланилган умумий солиқ ва божхона имтиёзлари жами 63,4 трлн сўмни ташкил этган (2023 йилда 127,1 трлн сўм).
Жумладан:
Божхона имтиёзлари (божхони йиғими, божи, акциз ва қўшилган қиймат солиғи)дан 10 454 та корхона фойдаланган бўлиб, қўлланилган жами имтиёз суммаси 24,4 трлн сўмни ташкил этади, шундан:
- давлат аҳамиятига молик лойиҳалар бўйича қўлланилган божхона имтиёзлари 4,9 трлн сўмни;
- жисмоний шахслар томонидан 91,3 млрд сўм;
- чет эл ваколатхоналари ва персоналлари томонидан фойдаланилган имтиёзлар 49,1 млрд сўмни ташкил этади.
Шунингдек, 63 та чет эл юридик шахсларининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасалари томонидан 843,6 млрд сўмлик божхона имтиёзларидан фойдаланилган.
Солиқ имтиёзларидан 132 059 та ташкилот фойдаланган, қўлланилган жами имтиёз суммаси 39 трлн сўмни, қўлланилган солиқ имтиёзларининг 82,2 фоизи ёки 32,1 трлн сўми қўшилган қиймат солиғи (16 трлн сўми ҚҚСдан ноль даражали ставка) ҳисобига тўғри келади.
Солиқ имтиёзларидан фойдаланган ташкилотлар сони имтиёз суммаси кесимида:
- 1 млрд сўмгача – 129 460 та;
- 1-100 млрд сўмгача – 2 560 та;
- 100 млрд–1 трлн сўмгача - 36 та;
- 1 трлн сўмдан ортиқ - 3 та.
Агентлик томонидан ушбу йўналишдаги маълумотларнинг белгиланган муддатларда очиқланиши доимий равишда ўрганиб борилмоқда.