Ўзбекистонда янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида жойлаштирилган, жамоатчилик муҳокамаси 21 декабргача давом этади, деб ёзмоқда Norma.
 
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 2019 йил 1 январга қадар муддатда инвестиция киритиш учун энг қулай шароитлар яратишга қаратилган, инвестиция фаолияти соҳасидаги унификация қилинган қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш вазифасини топширган.
 
Аввалига у Инвестиция кодекси бўлиши режалаштирилган эди. Хусусан, порталимизда унинг концепцияси ва ҳатто кодекснинг ўзини шарҳлаган эдик. Бироқ кейинчалик ҳужжат форматини қайта кўриб чиқиб, уни қонун кўринишида чиқаришга қарор қилдилар. «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг концепциясини октябрь ойининг иккинчи ярмида тақдим этдилар.
 
Эълон қилинган қонун лойиҳаси бугунги кунда турли ҳужжатлар: «Чет эл инвестициялари тўғрисида», «Инвестиция фаолияти тўғрисида», «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида», «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида», «Концессиялар тўғрисида», «Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа ҳужжатларда, шунингдек бир қатор қонуности ҳужжатларда мавжуд бўлган нормаларни тизимли равишда ўзида мужассамлаштирди.
 
Таркибий жиҳатдан олганда ҳужжат 10 та боб, 251 та моддадан иборат. Умумий қоидалар билан бир қаторда унда инвестициялар ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, инвестицияларни институционал бошқариш жиҳатлари (инвестиция, пай инвестиция ва венчур фондлари), эркин иқтисодий зоналарда, концессиялар ҳамда маҳсулот тақсимотига оид битимлар доирасида инвестициялаш хусусиятлари қайд этилган. Ўзбекистонда чет эл инвестицияларининг ҳуқуқий режими ва мамлакатимиз ташқарисида инвестиция фаолиятининг амалга оширилиши тартибга солинган.
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!