Ўзбекистонда вояга етмаганлар вақтида паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди

Ўзбекистонда вояга етмаганлар вақтида паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Ўзбекистонда прописка ва паспорт қоидалари бўйича кутилаётган ўзгаришларга изоҳ берди.

Депутатга кўра, биринчидан, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг «Паспорт тизими қоидаларини бузиш»га бағишланган 223-моддасидан паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг фуқароларнинг вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши бўйича мавжуд бўлган жавобгарлик олиб ташланмоқда.

Иккинчидан, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун мавжуд бўлган жарималар миқдори камайтирилмоқда. Яъни, бундай ҳуқуқбузарлик учун амалда энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдори 5 бараварига камайтирилмоқда. Шунингдек, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса энг кам иш ҳақининг 15 баравари миқдоридан 10 бараварига туширилмоқда.

Учинчидан, бугун паспорт ёшига тўлган бўлса-да, бироқ турли сабаблар билан ўз вақтида паспорт ола олмаётган ёшлар кўплаб учраб турибди. Ўз вақтида паспорт олмаганлик учун жарима чоралари мавжуд. Масалан, паспортини ўз вақтида олмагани учун 2016 йилда 16 104 нафар, 2017 йилда 68 740 нафар вояга етмаган шахс жавобгарликка тортилган. Вояга етмаган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий мухофаза қилиш нуқтаи назаридан модданинг ушбу қисмига қўшимча киритилиб, унда 18 ёшга тўлмаган шахс 16 ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Тўртинчидан, Меҳнат кодексининг 80-моддасида ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса уни ишга қабул қилиш рад этилиши мумкинлиги белгиланган бўлиб, бу айниқса Тошкент шаҳри ва вилоятида ёшларнинг ўзи ҳохлаган ишга киришида турли тўсиқларни келтириб чиқармоқда. Давлат дастурида белгиланган вазифалар доирасида ушбу талаб бекор қилинмоқда.

Яъни Меҳнат кодекси 80-моддасидаги ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилиш рад этилиши мумкинлиги олиб ташланмоқда. Оддий айтганда энди Тошкент шаҳри ёки бошқа ҳудудда ишга кираётган шахснинг вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаса ҳам ишга қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Юқоридаги ўзгаришлар қонун лойиҳаси сифатида депутатлар томонидан қабул қилиниб, сенатга юборилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!