Ўзбекистонда ўтган йили қанча шиша чиқиндилари қайта ишланганини биласизми?

Шиша чиқиндиларни қайта ишлаш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқтисодий самарадорликни ошириш мумкин.
Шунингдек, шиша чиқиндилар салбий таъсирни камайтириш мақсадида дунёнинг кўплаб мамлакатларида қайта ишланмоқда. Бу эса ўз навбатида чиқиндиларни ва уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш ҳамда ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятини яратади.
Ҳисоб-китобларга кўра, юртимизда йилига 408 минг тоннани шиша чиқинди ҳосил бўлади. Бу чиқиндилар қаттиқ маиший чиқиндиларнинг (10,2 млн тонна) морфологик таркибидан 4 фоизини ташкил этади.
Маълумот учун, 2024 йилда республикамизда 14 та корхона томонидан 37,3 минг тонна шиша чиқиндилар қайта ишланган (ушбу турдаги чиқиндиларнинг 9 фоизи).
Шиша чиқиндиларга эски стаканлар, шиша идишлар, ойналар ва бошқа шиша маҳсулотлари киради. Шиша табиатан қайта ишланиши осон материаллардан бири ҳисобланади, чунки у жуда узоқ вақт давомида деградацияга (чириб йўқ бўлиш ҳолати) учрамайди. Шиша чиқиндилар йиғилганда атроф-муҳитга зарар етказиши билан бир қаторда, 1000 йилдан ортиқ вақт давомида ерда парчаланмасдан қолади.
Шиша чиқиндиларни қайта ишлаш жараёни қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
Ажратиш: шиша чиқиндилар бошқа чиқиндилардан ажратилади.
Ювиш: шиша маҳсулотлари ювилиб, тозаланганидан кейин қайта ишлашга тайёрланади.
Бошқа материаллар билан аралаштириш: шишани қайта ишлаш учун бошқа хомашё (масалан, янги қум) билан аралаштирилади.
Қайта эритиш: шиша эритилиб, янги шакллар (янги шиша идишлар ёки қурилиш материаллари) яратилади.