Ўзбекистонда қанча одам саратонга чалингани айтилди

Ўзбекистонда қанча одам саратонга чалингани айтилди

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларининг онкология соҳасида ҳамкорлик бўйича халқаро конферецияси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Хабарда ёзилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Венгрия ҳукумати ва Венгрия инсон ресурслари вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросига аъзо 53 мамлакатидан 200 нафарга яқин вакил қатнашмоқда.
"Конференциянинг очилишида таъкидланганидек, дунёда саратон касаллиги кўпайиб бормоқда. Бунинг яққол далили, ҳар йили 15 миллион нафарга яқин инсонда ушбу хасталик белгилари кузатилади ва ўлим даражаси 9 миллион нафардан ошади. Бунга аҳолининг ўсиши билан бир қаторда, атмосферанинг концероген моддалар билан ўткир ифлосланиши, гени ўзгартирилган, жумладан, табиий бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолининг кўпайиши, жисмоний фаолликнинг камайиши каби омилларни мисол сифатида келтириш мумкин. Шу боис саратон хасталиги дунё бўйлаб жиддий ижтимоий муаммолардан бирига айланди. Шу билан бирга онкологик касалликларнинг “ёшараётгани” ҳам жиддий муаммо бўлиб, ўлим кўрсаткичи бўйича юрак-қон томир тизими касалликларидан сўнг иккинчи ўринда туради.

Афсуски, ушбу йўналиш Ўзбекистон учун ҳам долзарб. Мамлакатимизда ҳозирда 96 минг нафардан зиёд фуқарода саратон касаллиги қайд этилган. Ҳар йили 20 минг нафардан ортиқ саратон касаллиги ташхиси қўйилмоқда. Бунда кўкрак бези саратони биринчи, ошқозон саратони иккинчи, бачадон бўйни саратони учинча ўринда туради.

Юртимизда, афсуски, саратон касалликларининг ярмидан кўпи кеч босқичларда аниқланади. Масалан, 2015 йилда беморларнинг 50,9 фоизи касалликнинг III-IV босқичларида аниқланган. Касалликнинг кечки босқичларда аниқланишининг биринчи сабаби аҳолининг онкологик билими етарли эмаслиги сабабли шифокорларга вақтида мурожаат қилмаслиги бўлса, иккинчи тарафдан бирламчи ва бошқа соҳа шифокорларининг онкологик эҳтиёткорлиги пастлиги сабабли вақтида ташхис қўя олмасликларидир. 

Шу каби долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун мамлакатимизда ихтисослаштирилган онкологик ёрдам кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, аҳолининг барча қатламини қамраб олиш тизимини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида халқаро ташкилотлар ва етакчи клиникалар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижнинг етук мутахассислари билан мунтазам тажриба алмашишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Мамлакатимиз делегациясининг ушбу нуфузли тадбирда иштироки ҳам халқаро ҳамкорлик йўналишдаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Халқаро конференцияда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Лиде Лазер таъкидлаганидек, саратон билан курашиш муаммоларининг ечими турли мамлакатлар соғлиқни сақлаш ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштирган ҳолда уйғун ёндашувни талаб қилади. Шунингдек, у Ўзбекистонда саратон касаллигининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида тўхталиб, хусусан, одам папилломаси вирусига қарши вакцинасининг давлат томонидан жорий этиллаётганини тарихий аҳамиятга эга дея, юксак баҳолади. Бу эса келажакда инсон папиллома вирусининг кескин камайишига хизмат қилишини эътироф этди", дейилади хабарда.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!