Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'zbekcha
logo

Ўзбекистонда «Плаквенил»нинг фойдасиз эканлигини айтган «Тез ёрдам» кўрсатуви экспертига таҳдид қилингани айтилди (видео)

Ўзбекистонда «Плаквенил»нинг фойдасиз эканлигини айтган «Тез ёрдам» кўрсатуви экспертига таҳдид қилингани айтилди (видео)

«Миллий ТВ» телеканалидаги «Тез ёрдам» кўрсатувида иштирок этган Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Ёдгорова Клара Тоҳировна Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа кўплаб давлатлар томонидан зарарли деб топилган «Плаквенил» дори воситасини даволаш протоколлардан чиқариб ташлаш ҳақида гапиргач, унга нисбатан таҳдидлар бўлганини маълум қилган. Бу ҳақда "Дарё" ёзмоқда.

 

Кўрсатувда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди таъсис кенгаши раиси Комил Алламжонов «Плакневил» протоколга қайта киритилиши мумкинлиги ҳақида берган саволга Клара Ёдгорова Туркия давлатининг тиббиёти Ўзбекистон учун намуна эмаслиги, ЖССТ аъзоси сифатида энг яхши клиник қўлланмалардан фойдаланиш лозимлигини таъкидлаб жавоб қайтарди.

«Алламжонов бу борада сизга таҳдидлар бўлгани ростми», – дея берган саволга Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи ҳаяжон билан елка қисиб, «Билмайман» деган.

Бошловчининг «Сизга нима дейишди ўзи?», дея қайта берган мурожаатига эса «Эҳтиёт бўлинг, опажон, дейишди!», деб жавоб берган.

Ёдгорова Комил Алламжоновнинг «Нотаниш қўнғироқ бўлиб, нотаниш одам сизга эҳтиёт бўлишни тавсия қилдими?» қабилидаги саволига бош силкиб, «Ҳа» деган мазмунда жавоб қайтарган.

Блогерлар, жумладан, Bakiroo каналида фикр-мулоҳазаларини билдириб борадиган иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур видеодаги гап-сўзларни Алишер Шодмоновнинг «Qalampir.uz» нашрига берган интервьюсида мухбирга қарата «Сиз, фармацевтмисиз?» деб жавоб қилгани ҳамда дорилар беморларнинг ҳолатига қараб қарши кўрсатмалар бўлмаса ва ижобий самара берса, протоколга қайта киритилиши мумкинлигини айтиб ўтганига эътибор қаратган.

Видеони биринчилардан бўлиб Telegram’га юклаган YouTube’даги «Улар» лойиҳаси муаллифи Лазиз Ҳамидов қуйидагича пост қолдирган.

 

Жуда ғалати, «Тез ёрдам» дастурида тиббиёт фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Ёдгорова Клара Тоҳировна билан суҳбат кетяпти.

Қуйидаги икки қисмга эътибор беринг, унда умумий қўлланиш протоколига умуман фойдаси йўқ ва бутун дунё стандартидан олиб ташланган дорилар мажбуран киритилаётгани, агар Клара опа қандайдир мажбуриятларга бўйсунмаса, унга таҳдид қўнғироқлари бўлаётгани ҳақида гап кетяпти. Қанчалар кучли манфаатлар ётганини ўзингизга тасаввур қиляпсизми?

Telegram’даги Ҳамидов канали

«Тез ёрдам» кўрсатувининг аввалги сонларидан бирида савдо номи «Плаквенил» бўлган гидроксихлорохин препаратининг коронавирус инфекциясини даволашдаги зарарли оқибатлари ҳақида маълумот берилган. Клара Ёдгорова Ўзбекистондаги барча тиббиёт муассасалари — Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги шифохоналар ҳам, хусусий шифохоналар ҳам охирги тасдиқланган даволаш қўлланмасига риоя қилган ҳолда иш кўриши шартлигини эслатганди.

«Пандемия аввалида коронавирусни даволаш учун аниқ дори воситаси йўқ эди. Шунда мавжуд дори воситалари, хусусан, хлорохин, гидроксихлорохин, азитромицин кабиларни биринчи бўлиб Хитойда қўллаш бошланди. Кейинчалик улар Европа давлатларида ҳам қўлланила бошланди.

Март ойида ЖССТ ушбу препаратларнинг самарадорлиги бўйича далиллар олиш учун Халқаро ҳамдўстлик тадқиқотини бошлади. 96 минг коронавирус беморларининг маълумотлари жамланиб, АҚШнинг Гарвард ва Швейцариянинг Сюрих университети олимларига тақдим қилинди.

Ўрганишлар натижасида олимлар бу дориларнинг нафақат самара бермаслигини, балки беморларда ўлим хавфини ошириши мумкинлигини аниқлади. Мазкур препаратлардан фойдаланиш дастлаб Францияда тўхтатилди, Германия миллионлаб дориларни ишлаб чиқарувчиларга қайтариб берди, АҚШ олимлари ҳам бу дорига ўз эътирозини билдирди. Мазкур тадқиқот натижаси тиббиёт оламида нуфузли бўлган The Lancet журналида ҳам чоп этилган.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда ЖССТ 27 май куни янги вақтинчалик қўлланма чиқариб, барча давлатларга ўз даволаш стандартларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди.

Миллий палата экспертлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи биргаликда 30 июнь куни COVID-19’ни енгил шаклда ўтказиб, уйда даволанаётганлар ва оғир формада стационарда даволанаётганлар учун иккита қўлланма ишлаб чиқди. Улардаги маълумотлар 13 июль куни соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тасдиқланган ва чоп этилган. Гидроксихлорохин мазкур қўлланмалардан ҳам олиб ташланган», — деган эди Ёдгорова.

19 июлда Республика махсус комиссияси аъзоси, профессор Феруза Ҳамробоева ЖССТ самарасиз деб топган гидроксихлорохин препарати Ўзбекистонда нега қўлланилаётганига изоҳ берган ва коронавирусга қарши курашда сезиларли ютуқларга эришган Хитой билан вебинарлар ўтказилаётгани, клиник протокол бир умрлик ҳужжат эмаслиги, у доим қайта кўриб чиқилишини айтганди.

Кейинчалик Ҳамробоеванинг ўзи «Тез ёрдам» кўрсатувида 13 июлда дори даволаш протоколидан олиб ташлангани, расмий протокол кўриб чиқилгани ва бепул тарқатилувчи тўртталик дори-дармон гуруҳи ичидаги гидроксихлорохин даволаш протоколидан чиқарилганини билдирган.

Маълумот учун, гидроксихлорин — безгак ва ревматологик касалликларга қарши препарат. У хинин (хлорохин) моддасининг синтетик аналоги асосида тайёрланади. Тиббиётда ундан 1955 йилдан буён фойдаланилади.

16 июль куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг йиғилишида уйида даволанаётган коронавирус беморларини бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатга «Гидроксихлорохин», «Азитромицин», «Парацетамол», «C Витамин» каби дори-дармонлар киритилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!