Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун божхона тўловлари камайтирилади
2027 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлар учун божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча олиб кириладиган товарларга ягона божхона тўлови ставкаси 30% дан 20% га пасайтирилади. Шунингдек, товарнинг ҳар бир килограмми учун минимал тўлов миқдори 3 доллардан 2 долларга камайтирилади.
Бу енгиллик янги мобил қурилмаларга ҳам татбиқ этилади. Агар телефон олиб киришда декларация тўлдирилмаган бўлса, уни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказишда тўланадиган бож ставкаси ҳам 30% ўрнига 20% ни ташкил этади.
Масалан, самолётда 1 300 долларлик iPhone олиб кирилганда (1 000 долларлик лимитдан ортган 300 доллар учун) тўланадиган тўлов 90 доллардан 60 долларга тушади. Бундан ташқари, 2027 йил 1 июндан эътиборан, ҳисобланган ягона божхона тўлови божхона йиғимлари суммасидан кам бўлса, бундай йиғимлар умуман ундирилмайди.
Шу билан бирга, илгари жорий этилган амалдаги чекловлар ва меъёрлар сақланиб қолади. Божсиз олиб кириш лимитлари:
авиайўловчилар учун — 1 000 доллар, темир йўл ва дарё транспортида — 500 доллар, автомобиль ва пиёда ўтиш пунктларида — 300 доллар;
курерлик жўнатмалари: бир жисмоний шахс учун ойига 200 доллар.
Манзилда бўлиш талаби. Божсиз лимитдан фойдаланиш учун фуқаро чегарадан пиёда ёки машинада ўтганда камида 2 кун, самолётда учиб келганда эса камида 3 кун чет элда бўлиш шарт.
Махсус талаблар. Янги телефонларни қийматидан қатъи назар декларация қилиш мажбурий. Шунингдек БАДлар, тамаки ва парфюмерия маҳсулотларини олиб кириш бўйича ҳам алоҳида чекловлар амал қилади.
