Ўзбекистонда иқлим икки баробар тез исимоқда. Бунинг оқибатида...

Ўзбекистонда иқлим икки баробар тез исимоқда. Бунинг оқибатида...

1890 йилдан шу кунгача Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг йиллик ўртача кўрсаткичи 1,7 даража кўтарилган. Глобал миқёсда эса ҳарорат ўртача 0,7 даража ошган. Бу ҳақда 4 июнда Жаҳон атроф муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишлаб ўтказилган конференцияда маълум қилинган.

Ўзгидромет ҳисобига кўра Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг ўртача кўрсаткичи сезиларли даражада ошган, деб ёзмоқда minbar.uz. Кейинги 60 йил ичида ҳарорат 40 даражадан баланд бўлган кунлар сони кўпайган.

«Иссиқхона газлари инвентаризацияси хулосасига кўра, Ўзбекистонда атмосферага чиқарилаётган ис гази эмиссияси 1990 – 2012-йилларда 63 фоиздан 51 фоизга, азот оксиди эса 1 фоизга тушган. Метан чиқариш эса 30 фоиздан 43 фоизга ошган», – дейди Олга Белоруссова.

Ўзгидрометга кўра 2012 йилда чиқарилаётган иссиқхона газларининг 82 фоизи энергетика сектори (транспорт, иссиқлик ва электр энергетикаси, коммунал хизматлар) ҳиссасига тўғри келган.

Марказий Осиёда иқлим исишининг оқибати жиддий бўлиши мумкин

Глобал иқлим ўзгариши турли минтақаларда турлича кечади. Марказий Осиё учун глобал иқлим ўзгариши бошқа минтақаларга нисбатан кескин бўлиши мумкин.

  • Юқори ҳароратнинг сув ресурсларига таъсири. Ҳарорат ошганда буғланиш оқибатида катта миқдордаги сув йўқотилади. Шундоқ ҳам чучук сувнинг катта қисми қишлоқ хўжалигига сарфланадиган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда бу янада оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Тяншан ва Помир тоғларидаги доимий музларнинг тез эриши ҳам ичимлик суви танқислигини кучайтиради.
  • Сувга кўпроқ эҳтиёжи бор ўсимликлар учун бу ўзгариш ҳалокатли бўлади. Кун исигани сари ўсимликнинг сувга талаби ортади. Бунинг катта зарари мамлакатлар иқтисодида намоён бўлади. Масалан, Ўзбекистон катта миқдорда мева етиштиради. Иссиқлик ва сувсизлик шароитида дарахтлар кўпроқ энергияни баргларни ушлаб туришга сарфлайди. Оқибатда камроқ мева беради.
  • Ўзбекистонда пахта етиштириш, келажакда АЭСни сақлаш учун, Туркманистон ва Қозоғистонда нефт ва газ саноати учун сув ресурслари муҳим аҳамиятга эга. Минтақа мамлакатлари иқтисоди сув тақчиллигини ҳисобга олмай шаклланиб қолган. Глобал иқлим исиши манзарасида бу иқтисодлар бутунлай янгича шароитга мослаштирилиши керак бўлади.

Бу ўзгаришларда трансчегаравий дарёлар этагида жойлашган давлатлар – Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон кўпроқ зарар кўради. Улар билан сув бошидаги давлатлар – Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида сув масаласида зиддиятлар келиб чиқиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!