Ўзбекистонда илк бор велоспорт бўйича Осиё чемпионати ўтказилади

Ўзбекистонда илк бор велоспорт бўйича Осиё чемпионати ўтказилади

Мамлакатимизда 2019 йилнинг 22-28 апрель кунлари велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионати ўтказилади.

Мазкур Осиё чемпионатига тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш ҳамда Осиё велоспорт конфедерациясининг навбатдаги ижроия қўмита йиғилишини ўтказиш мақсадида пойтахтимизга Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Аҳмед Абдулла ал Шафар бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида мартабали меҳмонларни Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козимхўжа Ўринбойхўжаев кутиб олди.

Осиё велоспорт конфедерациясининг навбатдаги ижроия қўмита йиғилишида мамлакатимизда ўтказиладиган мазкур Осиё чемпионатида 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига лицензиялар берилиши алоҳида таъкидланди. Чемпионатда қитъамизнинг 40 га яқин давлатидан қарийб 600 нафар велоспортчи иштирок этиши сабаб, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар ўрганиб чиқилди.

Ижроия қўмита иштирокчиларига Осиё чемпионати ўтказиладиган Тошкент вилоятидаги автомагистраль йўллар ҳолати, меҳмонхоналардаги шароитлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.

Осиё чемпионатини оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун хорижий журналистларнинг юртимизга ташриф буюриши ҳамда мазкур чемпионат дунёнинг машҳур Евроспорт (Eurosport) каналида тўғридан-тўғри кўрсатилиши ҳақида маълумотлар айтилди.

Йиғилишда Осиё велоспорт конфедерацияси билан “UzReport TV” телеканали ўртасида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионатини ёритиш ҳуқуқини берувчи икки томонлама келишув имзоланди.

Осиё велоспорт конфедерациясининг мутасадди раҳбарлари ижроия қўмитаси йиғилишидан сўнг пойтахтимиздаги “Миллий” стадионга ташриф буюрдилар. Уларга ушбу ўйингоҳ фаолияти ва музейи ҳақида маълумот тақдим этилди.

Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Аҳмед Абдулла ал Шафар музейнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирди.

Manba: darakchi.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!