Ўзбекистонда ҳокимларнинг янги ўринбосари лавозими жорий этилди

Ўзбекистонда ҳокимларнинг янги ўринбосари лавозими жорий этилди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.

Вазирликка қўшимча равишда 70 та бошқарув ходимлари штат бирлиги, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаларига 5 тадан штат бирликлари ажратилди.

Қарорга мувофиқ, қуйидаги лавозимлар жорий этилди:

Ҳоким ўринбосари — вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи;

Ҳоким ўринбосари — туман (шаҳар) инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи.

Қарор билан айрим вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларидаги бир қатор лавозимлар, жумладан, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларидаги ҳокимнинг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилди.

Вилоятларда, туманларда (шаҳарларда) кичик саноат зоналарини ҳамда Тошкент шаҳрида саноатни ривожлантириш борасидаги вазифалар ҳокимнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича тегишли биринчи ўринбосари зиммасига юкланди.

Шунингдек, қарор билан Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!