Ўзбекистонда ҳар бир аёлга малакали акушерлик ва гинекологик амбулатор ёрдам кўрсатилади

Ўзбекистонда ҳар бир аёлга малакали акушерлик ва гинекологик амбулатор ёрдам кўрсатилади

Эндиликда аёлларимиз саломатлиги доимий назоратга олинади, бу борадаги муаммоларни эрта бартараф этиш чоралари кўриб борилади.

Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, улар саломатлигини асраш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келган. Президентимизнинг жорий йил Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида ҳам ҳомиладор аёлларни скрининг кўригидан ўтказиш ишлари талаб даражасида эмаслигига эътибор қаратиб: “Бу борадаги жиддий камчиликларга барҳам бериш мақсадида оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида қизларимиз, аёлларимиз учун алоҳида тиббий маслаҳатхоналар ташкил этилмоқда”, дея қайд этиб ўтган эдилар.

Бу борада Президентимиз томонидан жорий йил 2 февралда имзоланган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Қизлар ва – фертил ёшидаги аёлларга кўрсатиладиган акушер-гинекологик ва тиббий ёрдам хизматлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди.

– Аёллар маслаҳатхоналари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар туман, шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, Тошкент шаҳрининг оилавий поликлиникалари тузилмасида ташкил этилди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Марат Содиқов. – Бундан асосий мақсад ҳомиладорликка қадар, ҳомиладорлик ҳамда туғруқдан кейинги даврда малакали акушерлик ва гинекологик амбулатор ёрдам кўрсатишдир. Шунингдек, ушбу маслаҳатхоналар ўзига бириктирилган ҳудуд аҳолисининг репродуктив саломатлигини асраш ҳамда оилани режалаштириш орқали она ва бола саломатлигини ҳам муҳофаза қилишади.

Қувонарли жиҳати, эндиликда аёлларимиз саломатлиги доимий назоратга олинади, бу борадаги муаммоларни эрта бартараф этиш чоралари кўриб борилади.

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!