Ўзбекистонда гўдаклар ўлими кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда — ЮНИСЕФ

Ўзбекистонда гўдаклар ўлими кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда — ЮНИСЕФ

Ўзбекистонда беш ёшгача бўлган болалар ўлимининг 57 фоизи неонатал давр -ҳаётининг илк 27 кунида содир бўлмоқда. Уч асосий сабаб — барвақт туғруқ, асфиксия ва инфекциялар. Бу маълумотлар гўдаклар ўлимини камайтириш ва уларни парвариш қилиш сифатини ошириш бўйича Миллий консултатив йиғилишда эълон қилинди, дея хабар берди ЮНИСЕФнинг мамлакатдаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Йиғилишда Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ҳукумат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, халқаро экспертлар ва соғлиқ сақлаш мутахассислари иштирок этди.

«Биз Ўзбекистон ҳукуматининг болалар ҳаётини сақлаб қолиш бўйича хатти-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. Афсуски, янги туғилган чақалоқлар ўлими кўрсаткичлари ҳамон юқорилигича қолмоқда. Буни қабул қилиб бўлмайди, чунки янги туғилган болаларнинг аксариятини қутқариб қолиш мумкин эди, — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. — Вилоятларда янги туғилган чақалоқлар ва оналар соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматларни такомиллаштириш мамлакат ривожи учун ҳам муҳим».

Оналар, чақалоқлар ва болалар ўлимига барҳам беришга сарфланган ҳар бир доллар, ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, кўп карралик фойда келтиради. Болалар саломатлиги учун сармоя киритиш қашшоқлик даражасини пасайтириб, иқтисодий самарадорлик ва ўсишни рағбатлантиради.

Manba: gazeta.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!