Ўзбекистонда “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонун имзоланди

Ўзбекистонда “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонун имзоланди

Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан республикада суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя ва муҳофаза этиш ҳамда халқ манфаатларига хизмат қиладиган халқчил органга айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Замонавий тенденциялар таҳлилига кўра, дунёдаги етакчи давлатларнинг илғор иш тажрибалари жамиятда жиноятчиликка қарши кураш соҳасининг самарадорлиги тизимлашган ахборот базасининг қанчалик такомиллашганлигига боғлиқлигини кўрсатиб турибди.

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларни биометрик маълумотлари бўйича қайд этишнинг замонавий усуллари кенг жорий қилиб келинмоқда.

Жумладан, амалдаги биометрик паспорт тизимида шахснинг бармоқ излари ва ташқи қиёфа белгилари бўйича қайд этиб келинмоқда.

Албатта, давлат рўйхатига олиш жараёнларида фуқароларнинг умумэътироф этилган ҳуқуқ-эркинликлари ва қонунийлик принципларига амал қилган ҳолда, шахснинг қадр-қимматини камситмайдиган ва соғлигига зарар келтирмайдиган илмий-техникавий усуллардан фойдаланилади.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирда содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тўлиқ фош этилиши ва жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб этади. Бунда жиноятчилар томонидан ҳодиса жойларида ўз изларини қолдирмаслик мақсадида турли хил усуллардан фойдаланилмоқда. Фош этилмаган жиноятлар эса жиноятчиларга жазоланмаслик ҳиссини кучайтириб, келгуси жиноий фаолиятини давом эттиришга имкон бермоқда. Жамиятда жиноий фаолиятга кўниккан шахслар жиноят изларини яширишга уринмоқда.

Жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларни биометрик маълумотлар асосида криминалистик ҳисобга олиш ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарали шакларидан биридир.

Агарки, шахс ўзининг барча биометрик маълумотлари қонунийлик асосида давлат рўйхатига олинганлигини ҳис этса ва ҳар қандай жиноий қилмиши фош этилишини олдиндан англаб етса аксарият вазиятларда бу уни жиноят қилишдан қайтаради.

Шу ўринда қайд этиш керакки, фуқаролар ҳам ўзининг жиноят содир этмаслигига ишонган ҳолда ижтимоий фаоллик кўрсатиши лозим.

Бугунги кунда дунёда фуқароларни геном маълумотлари бўйича давлат рўйхатига олиш энг замонавий усуллардан бири ҳисобланади.

2020 йил 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи мажлисида “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланиб, 2020 йил 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди (ЎРҚ-649).

Таъкидлаш лозимки, мазкур қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 58-банди ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Қонунни қабул қилиш зарурати қуйидаги асосий омиллар билан асосланади:

биринчидан, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари мунтазам такомиллаштирилмоқда, бу эса мамлакатда жиноятчиликнинг камайишида ўз аксини топмоқда. Ушбу соҳага замонавий усул ва технологияларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади. Ўз навбатида, чет эл тажрибаси жиноятчилик билан курашишда геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни фош этиш муҳим аҳамият касб этиб, юқори самара бераётганлигини кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда геном ахборотини олиш, тўплаш, ундан фойдаланиш учун қонунчилик базаси ва механизм мавжуд эмас;

иккинчидан, замонавий ривожланишнинг ҳозирги босқичида  жиноят содир этиш усуллари ҳам такомиллашиб бормоқда, уларнинг асосий мақсади жиноят содир этилган жойида қолдириладиган изларни минималлаштиришдан иборат бўлиб, бу эса содир этилган жиноятларни очиш жараёнини қийинлаштирмоқда. Геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имконият яратади;

учинчидан, геном ахборотининг ягона маълумотлар базаси яратилиши ўз навбатида бедарак йўқолган шахсларни топиш
ва топилган мурдаларнинг шахсини аниқлаш имкониятини яратади.

Қонун 5 та боб ва 35 та моддадан иборат бўлиб, қонуннинг мақсади геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солиш, вазифалари эса биологик материални олиш, қайд этиш, ундан фойдаланиш, геном ахборотига ишлов бериш, геном ахборотини ягона маълумотлар базасини яратиш ва инсон шахсини идентификация қилишдан иборат.

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

биринчи босқичда тегишли шахслардан биологик материал олинади, бунда геном бўйича давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган шахсларга биологик материални танлаб олиш асоси ва тартиби тушунтирилади;

иккинчи босқичда биологик материалдан геном ахбороти олинади. Геном ахборотини олишда ихтисослаштирилган автоматик приборлар қўлланилади;

учинчи босқичда геном ахбороти ягона ахборот тизимида рўйхатга олинади. Шахсни идентификацияси учун ягона ахборотлар базасида автоматик қидирув тизими ёрдамида геном ахборотини қайд этиш юритилади.

Қонунга мувофиқ, Геном бўйича давлат рўйхатига олиш мажбурий ва ихтиёрий равишда амалга оширилади

 Мажбурий равишда қуйидагилар рўйхатга олинади:

- оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи ва айбланувчи тариқасида жалб қилинган шахслар, оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун, шунингдек жинсий эркинликка қарши, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир қилиш жиноятларини содир этганлиги учун судланган шахслар;

- номаълум шахсларнинг терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида олинган биологик материаллар;

- таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлари, қисмлари);

Терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни олиб борувчи органлар ва судларнинг сўровига асосан мажбурий рўйхатга олинаётган шахсларнинг геном ахбороти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ўтказиш орқали олинади ҳамда якунда маълумотлар базасига Ички ишлар вазирлиги томонидан киритилади.

Терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва судлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида ва бошқа қонун ҳужжатларида экспертиза тадқиқотлари учун намуналар олиш бўйича белгиланган талабларга риоя этишга мажбур.

Геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида яшаётган ёки вақтинча яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ёзма аризалари асосида, пуллик асосда амалга оширилади. Геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олиш амалга оширилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб ва миқдорларда ҳақ ундирилади.

Эътиборли томони шундаки, Бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин.

Геном ахборотидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

  1. Жиноятларнинг олдини олиш, фош этиш ва уларни содир этганларнинг шахсини аниқлаш.
  2. Бедарак йўқолган фуқароларни қидириш.
  3. Номаълум мурдаларнинг шахсини аниқлаш.
  4. Шахснинг биологик қариндошлигини аниқлаш.

Қонун 2023 йил 1 январдан кучга киради.

Шунингдек, ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши қуйидаги натижаларга эришилишини таъминлайди:

биринчидан – геном ахбороти маълумотлар базасидан фойдаланиш республика ҳудудида содир этилган жиноятларни биологик ашёвий далиллар бўйича фош этишда ва қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлашда ижобий натижа беради;

иккинчидан – геном ахборотининг ягона маълумотлар базасини яратилиши таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлари)ни шахсини аниқлаш ҳамда бедарак йўқолган шахслар (уларнинг яқин қариндошлари)  билан идентификация қилиш имкониятини яратади;

учинчидан – суд-тергов органларининг исботлов базасини мустаҳкамлайди, оғир ва ўта оғир жиноятларни, шунингдек жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг геном ахбороти маълумотлар базасини юритиш орқали улар томонидан ушбу турдаги жиноятларни такроран содир этилишини олдини олади;

тўртинчидан – хизмат фаолиятида геном ахборотига ишлов бериш, ундан фойдаланиш, уни блокировка қилиш, уни йўқ қилиб ташлаш, шахсини кўрсатмаслик ва уни сақлаш билан шуғулланадиган шахсларнинг қонун даражасидаги масъулиятини белгилашга олиб келади.

Умуман олганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор-қидирув фаолиятида қонунийлик асосида шакллантирилган фуқароларнинг биометрик маълумотлари ҳақидаги маълумотлар базасидан фойдаланиш мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.


ЮТБ бошлиғи ўринбосари подполковник Абдурахимов Мухтор Ходжиакбарович


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!