Ўзбекистонда экология соҳасидаги ходимлар моддий рағбатлантирилади

Ўзбекистонда экология соҳасидаги ходимлар моддий рағбатлантирилади

Ҳукумат қарори билан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали маълум қилди.

Низом билан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси марказий аппарати, унинг ташкилий тузилмасига кирадиган давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган ҳудудий бўлинмалари ва ташкилотларининг ходимлари, шунингдек, қўмита тизимига кирадиган хўжалик ҳисобидаги давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби белгиланди.

Низомга кўра, бюджет ташкилотлари ва бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек, қўшимча меҳнат кафолатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

лавозим маошлари (тариф ставкалари);

лавозим маошларига қўшимчалар ва устамалар;

меҳнатнинг якуний натижаларига кўра белгиланган мукофотлар.

Бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларига ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан лавозим маошига қуйидаги қўшимчалар ва устамалар белгиланади:

касбларни қўшиб бажарганлик ва хизмат кўрсатиш ҳудудини кенгайтирганлик учун амалда бажарилган ишлар учун;

дам олиш ва байрам кунларида ишлаганлик учун соатбай тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда икки баравар миқдорда;

узоқ муддат ишлаганлик учун лавозим маошига фоизлар ҳисобида ҳар чоракда ушбу низомда белгиланган миқдорларда.

Бюджет ташкилотлари ходимларини мукофотлаш қуйидаги тартибда белгиланиши мумкин:

байрам кунларида;

марказий аппарат ва ҳудудий бошқармаларнинг хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажариб келаётган юқори малакали, ташаббускор ходимларга шахсий устамалар;

йил якунлари билан алоҳида ташаббускор ва юқори малакали ходимларни, шунингдек, ходимнинг нафақага чиқиши муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш;

давлат мукофотлари, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланганлиги учун ойлик иш ҳақининг бир бараваригача рағбатлантириш.

Бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларини мукофотлаш ва уларга белгиланадиган қўшимча ва устама тўловлар миқдорлари тегишли ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!