Ўзбекистонда бир йилда деярли 1900 киши ОИТС қурбони бўлди

Ўзбекистонда бир йилда деярли 1900 киши ОИТС қурбони бўлди

1 декабрь куни дунё халқлари ОИТСга қарши кураш кунини нишонлайди. Ушбу кунда биз жаҳон бўйлаб бундай қўрқинчли касаллик туфайли вафот этган қарийб 39 миллион кишини ва уларнинг ортида қолган ғамгусор оилаларини ёдга оламиз, дейилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси эълон қилган мақолада.

«Биз ОИВ вируси билан оғриган ўн миллионлаб одамларнинг оғриқларига эътибор қаратамиз, – дейди мақола муаллифи АҚШнинг муваққат ишончли вакили Алан Мельцер. – ОИТС шундай бир қотилки, у на жинс, на ирқ, на миллат ва на чегара билади. Илк бор 1981 йили аниқланганидан буён, у дунёдаги ҳар бир мамлакатни чуқур қайғуга ботириб, йўқотишларга олиб келди. Менинг Ватанимда бу касаллик ярим миллиондан ортиқ кишининг умрига зомин бўлди. ЮНЭЙДС ҳисоботига кўра, 2017 йилда Ўзбекистонда тахминан 1900 киши шу касаллик туфайли вафот этган. ОИТС жаҳон миқёсидаги офат экан, унга қарши самарали курашиш учун халқаро ҳамкорлик катта аҳамият касб этади».

Мутахассиснинг қайд этишича, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонда бу ҳалокатли касалликка қарши 2001 йилдан буён маҳаллий ва халқаро ҳамкорлар билан бирга курашиб келмоқда, бунинг натижасида кўплаб кишилар ҳаётини сақлаб қолинган. Қўшма дастурлар туфайли Ўзбекистондаги кўплаб кишилар бу касалликни ўз вақтида аниқлаш, сифатли парвариш, ҳаётий зарур антиретровирус даволаниш ҳамда ўз жамоаларидан ижтимоий кўмак олишга муваффақ бўлган. Биргина 2017 йили Ўзбекистондаги 20 000 дан ортиқ киши Қўшма Штатлар асосий ҳамкор саналган Глобал жамғарма механизми орқали антиретровирус даволаниш имконига эга бўлди.

ЮНЭЙДС маълумотига кўра, 2004 йилдаги энг юқори кўрсаткичдан буён, бутун дунёда ОИТС билан боғлиқ ўлим икки бараварга камайди. 1996 йилдан эса янги ОИВ инфекциялар 47 фоизга қисқарди.

«Ўн беш йил аввал ОИТС ўлимга маҳкумликни англатарди. Ҳозирги кунда эса, замонавий тарихимизда биринчи марта, пандемияни вакцина ва ё даволашсиз назорат қилган ҳолда, қачондир имконсиз деб кўрилган нарсани амалга оширишдай тарихий имконият туғилди. АҚШ ва унинг бутун дунёдаги ҳамкорлари шу мақсадга эришиш учун тинмай меҳнат қилмоқда ҳамда бу ҳалокатли касалликка бутунлай барҳам бериш йўлида қўйилган навбатдаги қадам сифатида Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунини нишонлашдан фахрланади», дейди Алан Мельцер.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!