Ўзбекистонда аълочи ва яхши ўқийдиган талабалар билан стипендия пули қайта ҳисоб-китоб қилинади

Ўзбекистонда аълочи ва яхши ўқийдиган талабалар билан стипендия пули қайта ҳисоб-китоб қилинади

Ўзбекистонда 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларининг барча талабаларга бир хил — 400 минг сўм миқдорида стипендия белгиланиши мунозараларга сабаб бўлган эди. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «бешлик» ва «тўртлик» стипендия тўлаш тартиби қайта тикланиши кутилаётганини маълум қилди.

Айни вақтда блогер Хушнудбек Худойбердиев 2019 йил сентябридан бери талабаларга 400 минг сўм миқдорида бир хил стипендия тўланиши ноқонуний экани ҳақида ёзиб чиққан эди. Ёшлар пресс-клубида 13 январь, душанба куни бўлиб ўтган мулоқотда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов стипендия масаласида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.

«Стипендия масаласида ҳақиқатан ҳам яқинда қарор чиқади. Депутат Кушербаев ҳам биз билан ишлади, ҳаммасини кўрдик. Қарор орқали стипендия миқдорини 400 минг сўмдан 600 минг сўмга, 600 минг сўмдан 800 минг сўмга чиқариш имконияти бор. Стипендиянинг аввалги ҳажми ҳеч қаерга кетгани йўқ. Яъни, қайта тақсимланиши билан яхшироқ ўқийдиган талаба кўпроқ, бемалол ўқийдиган талаба эса камроқ стипендия олади. Талабаларнинг 25 фоизигина бюджетдан стипендия олади. Қолгани ўз пулини қайтариб оляпти», — деди вазир.

Анжумандан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, вазир Мажидов барча талабаларга бир хил — 400 минг сўм миқдорида стипендия тўлаш тартиби «вазирлик ва олий ўқув юртига берилган ваколатлар асосида» жорий қилинганини таъкидлади. Вазирнинг фикрича, ушбу ташаббус талабаларнинг баҳони сунъий равишда кўтаришга интилишининг олдини олиш, «тўртлик» ёки «бешлик» стипендия олиш ниятида йўл қўйиладиган коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида илгари сурилган эди.

«Коррупцияга қарши курашишнинг, албатта, яна 10 хил ечими бор. Лекин стипендия миқдори сессия вақтида баҳо ортидан қувишнинг асосий сабаби бўлиб қолган... Стипендиялар масаласида ҳукуматнинг янги қарори чиққач, талабаларга ўзи олиши керак бўлган пуллари қайтариб берилади», — деди олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов.

Manba: daryo. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!