Ўзбекистонда Ал-Азҳар кафедраси ташкил этилади ҳамда уламолар қўшма Фатво ҳайъати тузилади

Ўзбекистонда Ал-Азҳар кафедраси ташкил этилади ҳамда уламолар қўшма Фатво ҳайъати тузилади

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййибни қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев Ал-Азҳар университети билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари диний уламолар, олимлар, малакали профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар алмашувини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий сингари буюк уламоларимизнинг бебаҳо илмий меросини биргаликда ўрганиш муҳим эканлигини қайд этди.

Шайх Аҳмад Тоййиб Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг биринчи фахрий профессори унвони берилгани ўзи учун катта шараф ва эҳтиром экани ҳамда масъулият бағишлашини билдирди.

Шунингдек, шайх Халқаро ислом академияси таркибида Ал-Азҳар университети кафедрасини ташкил этиш, мисрлик таниқли олимларнинг юртимизда дарс бериши, Ал-Азҳар магистратурасида талаба ва ёш олимларимизнинг имтиёзли таҳсил олиши, икки давлат уламоларининг қўшма Фатво ҳайъатини тузиш ҳамда биргаликда илмий анжуманларни ва қўшма тадбирларни ўтказиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади.

Юқори мартабали диний арбоб Ўзбекистон билан муносабатларни нафақат таълим ва гуманитар соҳаларда, балки барча жабҳаларда изчил ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш йўлида Миср томонининг саъй-ҳаракатлари қатъийлигига ишонч билдирди.

Manba: azon.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!