Ўзбекистонда 464 та газ ва ёқилғи қуйиш шохобчаси фаолияти тўхтатилди
Ўзбекистонда газ ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида хавфсизлик талабларига риоя этилишини кучайтириш мақсадида кенг кўламли текширувлар ўтказилди. Натижада хавфлилик даражаси юқори деб топилган 464 та шохобча фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида келтирилишича, республика бўйича фаолият юритаётган автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчалари, газ тўлдириш шохобчалари ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида комплекс хатлов ўтказилган.
Ўрганишлар давомида саноат хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қурилиш нормалари ҳамда техник тартибга солиш қоидалари бузилиши билан боғлиқ жами 46 минг 737 та камчилик аниқланган. Шундан 7 минг 166 таси текширув жараёнидаёқ бартараф этилган. Бироқ инсон ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган 464 та объект фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Ҳукумат қарори билан газ ва ёқилғи қуйиш шохобчалари учун ёнғин хавфсизлиги, саноат хавфсизлиги, метрология ҳамда экологик талабларнинг минимал мезонлари тасдиқланди. Эндиликда мазкур талабларнинг ҳатто биттасига риоя этмаслик ҳам лицензия ёки рухсатнома бекор қилинишига асос бўлиши мумкин.
Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб техник паспорти мавжуд бўлмаган, ишлаб чиқарилган жойи ва йили номаълум бўлган ёки хизмат муддати тугаган босим остида ишловчи ускуналардан фойдаланиш босқичма-босқич тақиқланади. Бу жараён 2030 йил 1 январга қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилган.
Қарорда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мактаб, боғча, шифохона ва аҳоли яшаш жойларига хавфли масофада қурилган газ ҳамда ёқилғи қуйиш шохобчалари махсус реестрга киритилиб, уларни кўчириш ёки фаолиятини тугатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур чоралар сўнгги йилларда айрим газ қуйиш шохобчаларида кузатилган авария ва портлаш ҳолатларининг олдини олиш, соҳада хавфсизликни кучайтириш ҳамда инсон ҳаётини муҳофаза қилишга қаратилган.
