Ўзбекистонда 2018 йилнинг илк тўрт ойида 58 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

Ўзбекистонда 2018 йилнинг илк тўрт ойида 58 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

Тошкентда «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти фаолиятида янгиланиш, модернизация ва истиқболли ҳамкорлик масалалари» мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди. Бу ҳақда "daryo.uz" хабар берди.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган анжуманда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари ва соҳа ходимлари иштирок этди.

Айни пайтда «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти томонидан барча ҳудудий газ таъминоти идораларининг фаолиятини яхшилаш борасида самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.

Шунга қарамасдан аҳоли ўртасида куз-қиш мавсумининг кириб келиши билан ностандарт, қўлбола ва автоматик бошқарув тизимига эга бўлмаган иситиш қозонларидан фойдаланиш ҳамда газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Ўтган йиллар куз-қиш мавсумида дудбуронлари носоз бўлган иситиш қозонлари ва ускуналардан фойдаланилиши натижасида кўплаб инсонларнинг ис газидан заҳарланиш ҳолатлари рўй берган.

2017 йилда Ўзбекистон бўйича 81 та ис газидан заҳарланиш ҳолати қайд этилган бўлиб, унда 83 нафар фуқаро вафот этган, 110 киши жабрланган. 2018 йилнинг январь—апрель ойларида содир бўлган ис газидан заҳарланиш ҳолатларида 54 нафар фуқаро жабрланган, 58 фуқаро вафот этган.

«Ўзтрансгаз» АЖ истеъмолчиларга белгиланган тартиб асосида табиий ҳамда суюлтирилган газни узлуксиз, хавфсиз етказиб бериш ишларини ижобий ҳал этган. Ишлаб чиқилган механизм энг чекка ҳудудларни қамраб олгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Айни пайтда мамлакат бўйича 3 миллион 353 минг хонадонга табиий газ, 3 миллион хонадонга эса суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Истеъмолчилар ўртасида табиий ва суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича тарғибот ишлари доимий равишда олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!