Ўзбекистонда 16 ноябрдан табиий газ нархи ошиши кутилмоқда

Ўзбекистонда 16 ноябрдан табиий газ нархи ошиши кутилмоқда

Ўзбекистонда табиий газ тарифлари 2018 йилнинг 16 ноябрдан ошиши кутилмоқда. Жумладан, аҳоли учун ўртача 10 фоиз, корхоналар учун эса кўпроқ нарх ошиши режалаштирилган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама порталига қўйилган қарор лойиҳасида келтирилган.

Қарорга кўра, газ ҳисоблагичлари ўрнатилган хонадонлар учун табиий газ нархи 16 ноябрдан 10 фоизга ошиб, бир куб.м. 320 сўмга тенг бўлади. 2019 йил 1 июндан бошлаб эса, газ нархи 350 сўмга кўтарилади.

Газ ҳисоблагичи ўрнатилмаган хонадонлар учун 16 нобярдан янги нарх 553 сўмни ташкил этади. 2019 йил 1 июндан эса 605 сўмга кўтарилади. Лекин уларнинг уйни иситиш учун ишлатган газ ҳажми 320 сўмдан ҳисобланади.

Корхона ва ташкилотлар учун эса газ нархи 16 нобярдан бошлаб 600 сўмни ташкил этади. 2019 йил 1 июндан эса газ нархи яна 50 сўмга ошиб 650 сўмга тенглашади.

Бунда ғишт, асфальт, цемент ва бошқа бир қатор қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар, ресторан ва кафелар (меҳмонхоналардан ташқари) ва иссиқхоналар учун табиий газ нархи 1000 сўм қийматида қолади. Лекин ушбу корхоналар энергия тежовчи технологиялар ва ускуналар ишлатса, улар учун газ нархи 16 ноябрдан 600 сўмга тушади. 2019 йил 1 июндан эса 650 сўмга тенг бўлади.

Автомобил газ қўйиш шаҳобчалари учун табиий газ нархи ҳам 800 сўм қийматида қолади.

Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб тажриба сифатида Тошкент шаҳар Юнусобод туманида хўжаликлар учун табиий газ истеъмоли базавий нормаси жорий этилади.

Базавий норма хусусий турар жойига эга абонент учун иситиш мавсумида ойига 1000 куб.м. қилиб белгиланади. Бошқа вақтда эса норма ойига 250 куб.м. га тенг бўлади.

Табиий газ истеъмоли нормадан ошиб кетган қисмига тариф 20 фоиз қимматроқ бўлади.

Бундан ташқари, ушбу қарорда электр энергияси ва бензин нархлари ошиши ҳам назарда тутилган.

Manba: turon24.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!