Ўзбекистонда 16 ноябрдан электр энергияси тарифлари ошиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 16 ноябрдан электр энергияси тарифлари ошиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 2018 йил 16 ноябрдан бошлаб электр энергияси тариф нархлари ошиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама порталига қўйилган қарор лойиҳасида келтирилган.

Қарорга кўра, аҳоли (маиший истеъмолчилар) учун электр энергияси тарифи 16 ноябрдан бошлаб 10 фоизга ошади ва 1 киловатт нархи 250 сўм ни ташкил этади. 2019 йил 1 июндан бошлаб эса тариф яна 12 фоизга ошиб 280 сўмга тенг бўлади.

Бунда электр плиталар билан жиҳозланган кўп хонадонли турар жойлари ва ётоқхоналарда яшовчи истеъмолчилар учун 50% чегирма берилади.

Корхоналар ва ташкилотлар учун эса 16 ноябрдан электр энергияси тарифи 45 фоизга ошади ва 1 киловатт нархи 331 сўмга тенг бўлади. 2019 йил 1 июндан бошлаб эса тариф 370 сўмгача ошади.

Бундан ташқари, тажриба тариқасида Тошкент шаҳар Юнусобод туманида электр энергияси истеъмоли базавий нормаси киритилиши режалаштирилмоқда.

Базавий норма бир хонадон учун 300 кВт қилиб белгиланади. Электр энергия истеъмолининг ушбу нормадан ошиб кетган қисмига юқорида кўрсатилган тариф нархи 20 фоизга қимматлашади – яъни нормадан ошган ҳар бир киловатт учун 300 сўмдан тўланади.

Ушбу норма кейинчалик ўзгариши ва бутун республика бўйлаб тадбиқ этилиши мумкин. Бунинг учун “Ўзбекэнерго” АЖ ва бошқа тегишли идоралар 2019 йил 1 июлга қадар норманинг амалдаги тадбиқини ўрганиб, аниқ таклифлар бериши лозим.

Қарорда келтирилишича, ушбу тариф нархлари ошиши жахон бозорида энергетик ресурсларнинг нархи ошиб бориши ва Ўзбекистон энергетик соҳасида давлат монополиясини камайтириш, ресурслар сотишда бозор механизмларини жорий этиш ва электр қуввати ишлаб чиқарувчи корхоналарни фойдага чиқариш мақсадида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, нархлар ошиши истеъмолчиларни ресурслардан унумли ва рационал тарзда фойдаланишга ундайди, дейилади қарорда.

Олдинроқ Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқарувчи иссиқлик энергостанциялари 84 фоизи эскирганлиги ва қайта таъмирлашга муҳтожлиги айтилган эди.

Шунингдек, табиий газ тарифлари ва бензин нархлари ҳам 16 ноябрдан ошиши кутилмоқда.

Manba: turon24.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!