Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб нималар ўзгарaди?

Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб нималар ўзгарaди?

2019 йил 1 июндан кучга кирадиган бизнес, ижтимоий соҳа, давлат хизматлари кўрсатиш тартиби ва бошқа соҳалардаги энг муҳим ўзгартиришларнинг қисқача шарҳи ҳақида Norma хабар берди.

Инвестиция визаси жорий этилади

У 1 мартдан жорий этилмоқчи эди, бироқ техник сабабларга кўра муддат 2019 йил 1 июнга кўчирилди. Ҳозирча у хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар  – «Навоий» ЭИЗ иштирокчилари ва уларнинг оила аъзолари учунгина расмийлаштирилади. Визанинг амал қилиш муддати  – 3 йилгача, уни мамлакат ташқарисига чиқмасдан узайтириш мумкин.

Заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга – кредитлар бўйича компенсация

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини компенсациялайди. У МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошадиган, бироқ 5 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмни қоплайди. Бунга Давлат бюджетидан 2019–2020 йилларда 40 миллиард сўмгача ажратилади.

ЛБМА қошидаги Марказда экспертиза

«Электрон ҳукумат» тизими ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш доирасида лойиҳаларнинг техник топшириқлари ва тендер ҳужжатлари энди ЛБМА қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш марказига экспертизага киритилади. Бунда кўрсатилган ҳужжатлар Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида келишилмайди.

Лойиҳаларнинг қийматидан қатъи назар, янги қоидалар қўлланилади. Экспертизадан ўтказиш учун ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда, чекланган қийматнинг 0,5 фоизи ( нарх кўрсаткичларининг ўртача бозор даражасини ўрганиш якунлари бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар асосида шакллантирилади), тендер ҳужжатлари бўйича эса – ҳар бир лот суммасидан, бироқ 100 ЭКИҲдан ортиқ бўлмаган миқдорда тўлов ундирилади. Экспертиза 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш шарти билан амалга оширилади.

Рангли металларни қайта ишлашга рухсат берилди, «режа» бекор қилинди

Электротехника саноати ташкилотларига ишлаб чиқариш фаолияти натижасида ҳосил бўлган рангли металл парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлашга рухсат берилди. Ўз ишлаб чиқариш қувватларида ёки ихтисослаштирилган ташкилотларда маҳсулотни қайтариш асосида қайта ишлаш, қайта ишланган хом ашёдан эса маҳсулот таннархини камайтириш мақсадида такроран фойдаланиш мумкин.

Энди рангли металл парчалари ва чиқиндиларини топшириш прогноз кўрсаткичлари белгиланмайди.

Суд қарорларини ижро этиш: янги қоидалар

Энди ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги буйруқ ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб 1 иш куни (илгари – 3 кун) ичида чиқарилади. Ижро ҳаракатларини амалга оширишга объектив равишда тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, уларни кўпи билан икки марта кечиктириш мумкин бўлади.

Давлат ижрочиси томонидан тайинланган мутахассислар ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб 15 иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этишга мажбур эканлиги белгиланди. Бундай чора ижро ишини юритиш муддатлари чўзилишига тўсқинлик қилиши керак.

Давлат хизматлари: интернет орқали арзонроқ

Давлат хизматларини кўрсатиш тартибига иккита муҳим ўзгартириш киритилди.

Биринчидан, энди рўйхатдан ўтган жойдан ва почта манзилидан қатъи назар, исталган Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш, яъни хизматларни экстерриториал тамойил бўйича олиш мумкин.

Иккинчидан, давлат хизматлари ЯИДХП орқали олинганда давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар Марказлар орқали ёки бевосита хизмат кўрсатувчи органларга мурожаат этганда тўланадиган суммадан 90% миқдорида тўланади.

Тошкент вилоятида – кўчмас мулкка янги ҳужжатлар

Пойтахт минтақасида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш жараёни соддалаштирилмоқда. Бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ўрнига бу ерда махсус QR-код билан ҳимояланган кадастр паспорти берилади. Мамлакатнинг қолган ҳудудида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан электрон кўчирма қўлланилмоқда.

Ижтимоий ҳимояни рақамлаштириш

Бир қатор давлат органлари ва ташкилотлари Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотларни узатиш тармоғига уланади. Бу «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига реал вақт режимида киришни таъминлайди. Мазкур босқичда тизим ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида қатнашувчи турли органлар ўртасида электрон форматдаги 17 та «ўзаро ҳамкорлик линияларини» таъминлайди. Масалан, «Пенсия жамғармаси – ДСҚ», «Мактабгача таълим вазирлиги – Пенсия жамғармаси» ва ҳоказо.

1-октябрдан бошлаб ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашнинг бундай тизими Сирдарё вилоятида «пилот» режимида ишлай бошлайди. 2020 йил февралда бутун мамлакатда ундан тўлақонли фойдаланила бошлайди.

Иш ҳақи оширилади

Қуйидаги тарзда амалга оширилади:

  • Республика маънавият ва маърифат маркази, унинг ҳудудий бўлимлари ва бўлинмалари ходимларига лавозим маошини белгилашда ЯЦ бўйича тариф коэффициентлари 1,7 баравар кўпайтирилган миқдорда қўлланилади.

«Маҳалладаги» лавозимга «юқоридан» тайинлайдилар

Энди фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилади. Илгари бу маҳалла раиси (оқсоқоли) ваколатига кирар эди. Мазкур чора, бошқалари қатори, маҳалла институтининг масъулиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар комплексида назарда тутилган.

Электр ва газ нархи ошади

Энди табиий газнинг 1 куб метри маиший истеъмолчиларга 350 сўмга тушади. Идоравий ва муниципал уй-жой фонди, юридик шахслар ётоқхоналари, ХUMSҳ ва маҳаллий қозонхоналар газни худди шу нархда сотиб олади. Истеъмолчиларнинг ушбу тоифаси истеъмол қилинган электр энергиясининг 1 кВт/с учун 280 сўм тўлайди.

Бундан ташқари, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш билан боғлиқ МЖТКга тузатишлар ой давомида кучга киради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!