Ўзбекистон январда асосан нималарни импорт қилди?

Ўзбекистон январда асосан нималарни импорт қилди?

2019 йил январь ойида экспорт ҳажми 1,67 млрд долларга (ўсиш суръати 16,6%) тенг бўлди. Экспорт таркибида товарлар 88,0% улушга эга бўлиб, булар асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (14,8%), озиқ-овқат маҳсулотлари (3,6%), шунингдек, қора ва рангли металлар (5,3%) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, олтин ҳажмини ҳисобга олмаган ҳолда, жами товар ва хизматлар экспорти 863,6 млн АҚШ долларини ташкил этиб, 46,1%га ўсди.

Товар ва хизматлар экспорти динамикаси таҳлилига кўра, 2019 йилнинг январь ойи мобайнида экспорт қилинган товарлар ҳажми, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 228,9 млн АҚШ долларига кўп экспорт қилинди ва 1474,4 млн АҚШ долларини ташкил этди. Хизматлар экспорти эса 201,3 млн АҚШ долларга етган.

Экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса умумий экспорт ҳажмининг 31,8%ини ташкил қилади. Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерациясига экспорт қилинаётган товарлар таркибига назар ташланса, асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳларидан иборат эканлигини кўриш мумкин.

2019 йилнинг январь ойи якунларига назар ташланса, пахта толасининг умумий экспортдаги улуши аввалги йилларнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайганини кўриш мумкин. Ушбу даврда жами 115,6 минг тонна пахта толаси экспорт қилинган.

Жорий йилнинг январь ойида импорт ҳажми 1,67 млрд долларга (ўсиш суръати 38,9%) тенг бўлди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб ускуналар (42,3%), кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (13,3%) ҳамда қора ва рангли металлар (6,6%) гуруҳлари ҳисобига тўғри келди.

Шу билан бирга, 2019 йилнинг январь ойи мобайнида республикага импорт қилинаётган товар ва хизматлар январь ойида, декабрь ойига нисбатан 392,4 млн АҚШ долларга кўп импорт қилинди ва 2218,6 млн АҚШ долларини ташкил этди.

Товар ва хизматлар импорти динамикаси таҳлилига кўра, 2019 йилнинг январь ойи мобайнида импорт қилинган товарлар ҳажми, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 447,5 млн АҚШ долларига кўп импорт қилинди ва 1507,6 млн АҚШ долларини ташкил этди. Хизматлар импорти эса 168,1 млн АҚШ долларга етган.

2019 йилнинг январь ойида республикага 111 дан ортиқ хорижий давлатлардан товар ва хизматлар импорти амалга оширилган. Шулардан 5 та энг йирик бўлган Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Корея Республикаси, Қозоғистон ва Туркия ҳамкор давлатларидан жами импорт ҳажми 1 072,2 млн АҚШ долларига тенг. Бу эса умумий импорт ҳажмининг 64,0%ини ташкил қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!