Ўзбекистон ва Япония футбол ассоциациялари ўртасида меморандум имзоланди

Ўзбекистон ва Япония футбол ассоциациялари ўртасида меморандум имзоланди

Ўзбекистон ва Япония футбол ассоциациялари раҳбарияти ўртасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида икки мамлакат ўртасида футболни ривожлантириш борасидаги ҳаракатлар янги босқичга чиққанлиги қайд этилди. Япония футболи халқаро майдонда ҳам ўз нуфузига эга эканлиги, мамлакатда болалар футболининг даражаси ҳамда япон мутахассисларининг ўз ишига профессионал ва талабчанлиги эътироф этилди.

«Охирги йилларда Япония билан ҳамкорлик янги босқичга чиқди. Хусусан, спорт тиббиёти йўналишида ҳам кенг кўламли илмий алоқалар ўрнатилган. Япониялик мутахассислар аёллар терма жамоамизда фаолият юритмоқда, шунингдек, япон мутахассислари ўзбекистонлик шифокорлар билан ўзаро тажриба алмашиб келмоқдалар. Бундан ташқари, турли ёшдаги терма жамоалар, хусусан, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Японияда бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда иштирок этиб келмоқда. Ўз навбатида, Япония ёшлар терма жамоаси ҳам юртимизда ўтказилган турнирда қатнашди. Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Келгусида ҳам шу каби ўйинларни давомий ташкиллаштириб бориш мақсад қилинган», — деди Равшан Эрматов.

Ўз навбатида, Япония футбол ассоциацияси раҳбари Кодзо Ташима Ўзбекистон билан икки томонлама дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларидан мамнун эканлигини айтиб, янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Кун тартибига кўра, футболни ривожлантириш ва оммалаштириш юзасидан ўзаро тажриба алмашиш, терма жамоалар ўртасида халқаро мусобақаларни ташкил этиш, спорт тиббиёти ва футбол мутахассисларини қайта тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашиш, ассоциациялар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида томонлар ўртасида меморандум имзоланди. Ҳужжатда машғулотлар ва ўйинлар давомида футболчиларнинг жисмоний ҳолатини таҳлил қилиш йўналиши, шунингдек, спорт тиббиёти, жароҳатларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш кўзда тутилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!