Ўзбекистон ва Россия ҳамкорликда рус тили ўқитувчиларини тайёрлайди

Ўзбекистон ва Россия ҳамкорликда рус тили ўқитувчиларини тайёрлайди

Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ва Россиянинг А.С. Пушкин номидаги рус тили давлат институти ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолади. Ушбу шартнома Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра, ҳужжат институт ректори Наргиз Раҳмонқулова ва Пушкин номидаги рус тили давлат институти ректори Маргарита Русецкая томонидан имзоланган.

Мазкур ҳужжат доирасида таълим муассасаларининг рус тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва рус тилини ўқитиш ҳамда тарғиб этиш учун қўшма тадқиқотлар ўтказишга келишиб олинган.

Жумладан, томонлар рус тилини ўқитиш бўйича таълим-методик материаллар ишлаб чиқиш ва мослаштириш учун қўшма муаллифлар жамоалари тузишади. Ташкилотлар келгусида илмий ва амалий тажриба алмашишга келишиб олган.

Ўқув муассасалари рус тилини ўқитиш, инновацион педагогик технологиялар ва бошқа мавзуларга бағишланган таълим, илмий-тадқиқот, маслаҳат семинарлар, конференциялар, вебинарлар, форумлар ва турли курслар ташкил этишга келишиб олишган.

«Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши ўқитувчиларнинг Ўзбекистонда ва Россияда амалиёт ўтишлари ва малака оширишини ташкил этиш бўлади. Бу педагогларнинг маҳоратини ошириш, рус тилини ўқитиш бўйича тажрибаларни ўрганиш ва таълим жараёнига жорий этишга кўмак беради.

Томонлар рус тилини мавқейини сақлаб қолиш, уни ўқитилиши ва ўрганилишини мустаҳкамлаш мақсадида маданий-таълим ва илмий-амалий тадбирлар ташкил этишни режалаштирдилар.

Шу билан бирга Россия делегацияси таркибидаги рус тили элчилари ва Россия ўқув муассасалари вакилларидан иборат бўлган меҳмонлар Тошкент шаҳрида жойлашган 10-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида умумтаълим муассасасининг фаолияти ва болаларни рус тилида ўқитиш жараёни билан танишдилар.

Шунингдек, делегацияси вакиллари мактабда ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан ташкил этилган Александр Пушкин музейи экспонатлари билан танишдилар», дейилган вазирлик хабарида.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!