Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари ҳамкорликда машғулотлар ўтказишди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари ҳамкорликда машғулотлар ўтказишди

Жиззах вилоятидаги Мудофаа вазирлигига қарашли “Фориш” тоғ полигонида беш кун давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида тоғ тайёргарлиги бўйича амалий ва тактик машғулотлар ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Унда Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирликлари тоғ тайёргарлиги ўқув марказининг етакчи мутахассислари иштирок этишди.

Дастлабки куни ташкиллаштирилган йиғилишда Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги бўлими бошлиғи майор Зокир Яллакаев ҳамкорликда ўтказиладиган машғулотлар дастури ва уларда қўлланиладиган янги анжомлардан фойдаланиш қоидалари билан таништирди.

Халқаро машғулотларнинг навбатдаги жараёнлари Фориш тоғларининг тик қоялари ва оддий шароитда ўтиш қийин бўлган дараларидаги амалий ҳамда тактик машқлар остида кечди.

Ҳарбий хизматчилар қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда тоғ шароитида қутқарув ишлари, жанговар қуроллар билан қояга кўтарилиш ва тушиш, тунги шароитда нишонларга аниқ ўқ отиш, шартли душман гуруҳини қуршовга олиш ва йўқ қилиш каби турли вазифаларни бажаришди.

Машғулотлар якунида қозоғистонлик ҳарбийлар учун Самарқанд шаҳри тарихий обидалари бўйлаб саёҳат уюштирилди. Меҳмонлар Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним ва Хожа Дониёр  мажмуаларини зиёрат қилишди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!