Ўзбекистон ТХИФ-2026 доирасида туризм соҳасига инвестициялар учун янги имкониятларни тақдим этди
2026 йил 18 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ-2026) доирасида “Туризм соҳасига инвестициялар” панель сессияси бўлиб ўтди, унда инвесторларга мамлакатимиз туризм соҳасига сармоя киритиш бўйича янги имкониятлар тақдим этилди.
Муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов, “Boeing” компаниясининг Евросиё ва Ҳиндистон бўйича тижорат сотувлари бўйича директори Марио Антонио Эбсим, “Архитектура ва шаҳарсозлик портали” МЧЖ бош директори Владимир Жуйков, Америка–Ўзбекистон савдо палатаси ижрочи директори Елена Сон-Ла Рокко, GEODATA PLUS бош директори Людмила Кузнецова, “Governful” компанияси лойиҳалар менежери Натан Бенсон, шунингдек, Бутунхитой саноат ва савдо федерацияси қошидаги Хитой туризм палатаси раиси ўринбосари Чи Лу иштирок этди. Сессияга “The Independent” газетаси бош муҳаррири Жорди Грейг модераторлик қилди.
Сессия иштирокчилари туризм инфратузилмасини ривожлантириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари ва мамлакат иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган тармоқларидан бирига халқаро капитални жалб қилиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Муҳокама марказида аниқ туристик ташаббуслардан тизимли инвестиция лойиҳаларига ўтиш бўлиб, бунда туризм бутун минтақаларни ривожлантириш учун кириш нуқтасига айланади. Иштирокчилар энг тез инвестиция циклига эга бўлган сегментлар — меҳмонхоналарни ривожлантириш, сайёҳлик мажмуалари ва халқаро оқимнинг ўсишига қаратилган инфратузилма лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Туризмни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясига кўра, сайёҳлар оқимини 20 млн нафарга етказиш билан бир қаторда, туризм хизматлари экспортини 6 млрд АҚШ долларидан ошириш, туристларнинг ўртача қолиш муддатини 7–8 кунга етказиш ҳамда бир туристга тўғри келадиган ўртача харажатлар ҳажмини ҳозирги 415 АҚШ долларидан 1 000 АҚШ долларига етказиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Ушбу мақсадларга эришиш учун транспорт алоқаларини янада кенгайтириш, замонавий меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, туризмнинг MICE-туризм, гастрономик, экологик, зиёрат, кинотуризм ва люкс-туризм каби юқори даромадли сегментларини илгари суриш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
“Бугунги кунда Ўзбекистон инвесторларга нафақат ноёб сайёҳлик ресурслари ва бой маданий-тарихий меросни, балки туризм лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг кенг қамровли тизимини ҳам таклиф этмоқда. Биз солиқ имтиёзлари, субсидиялар, имтиёзли молиялаштириш ва давлат-хусусий шериклик механизмлари орқали инвестициялар учун қулай шароитлар яратмоқдамиз”, — деди Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов.
Бугунги кунда туризм Ўзбекистон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади. 2026 йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатга 5,3 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоизга кўпдир. БМТ Туризмнинг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистон сайёҳлик оқимининг энг юқори ўсиш суръатларига эга бўлган ТОП-5 мамлакат қаторига кирди.
Бу натижалар очиқлик сиёсати ва туризмни ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар натижасидир: 95 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим, 52 мамлакат учун электрон виза тизими, 45 мамлакат фуқаролари учун эса визасиз транзит режими амал қилмоқда. Бундан ташқари, талабалар, олимлар, шунингдек, тиббий ва зиёрат туризми учун махсус виза тоифалари жорий этилди.
Сўнгги йилларда туризм инфратузилмаси жадал ривожланиб, меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари сони қарийб 9 баробар кўпайиб, 7 мингдан ошди. Бугунги кунда мамлакатда Hilton, Marriott, InterContinental, Radisson, Holiday Inn, Wyndham, Mercure ва бошқа 30 га яқин халқаро меҳмонхона брендлари фаолият юритмоқда.
Халқаро капитал томонидан Ўзбекистон туризм соҳасига қизиқишнинг ортиши институционал ислоҳотлар, туризм инфратузилмасининг кенгайиши ва янги саёҳат йўналишларига глобал талабнинг кучайиши билан боғлиқ.
