Ўзбекистон суперлигаси: “Қизилқум” ва “Металлург”да ғалаба

Ўзбекистон суперлигаси: “Қизилқум” ва “Металлург”да ғалаба
Бугун мамлакатимизнинг икки стадионида Ўзбекистон суперлигасининг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Навоийда маҳаллий Қизилқум жамоаси АГМК клубини қабул қилди. Олмалиқликлар мавсум оралиғида ўз таркибини сезиларли равишда кучайтиришга ҳаракат қилди ва ўз сафига кўплаб маҳоратли футболчиларни қўшиб олди. Қолаверса, жамоа бош мураббийи лавозимига тажрибали мутахассис Миржалол Қосимов жалб этилди.
Бироқ, яхши жамоани шакллантириш учун 2-3 ой камлик қилишини бугунги ўйин ҳам кўрсатиб берди. Гарчи бутун учрашув давомида АГМК жамоаси ташаббусни ўз қўлида ушлаб турган бўлса-да, якунда ғалаба мезбонларга насиб этди.
Ўйиннинг 1-дақиқасидаёқ Қизилқум футболчилари ҳисобда олдинга чиқиб олди. Чап қанотдан бошланган ҳужумни навоийликларнинг никарагуалик ҳужумчиси Медина Смит голга айлантирди. Бунга меҳмонлар фақат биринчи бўлим охирларида жавоб қайтарди. 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга оширган Дилшод Жўраев мувозанатни тиклади.
Танаффусдан кейин мезбонларнинг грузиялик футболчиси Элгужа Григилашвили икки бор муваффақият қозониб, Қизилқум нинг 3-1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Бугун бўлиб ўтган иккинчи ўйинда Бекободнинг Металлург жамоаси футболчилари Бухоро клубига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Бу ўйинда ҳам ғолиб жамоа икки тўп фарқи муваффақият қозонди.
Аввалига 35-дақиқада Баҳром Абдураҳимовнинг идеал тарздаги тўп оширишидан кейин Металлург нинг легионер футболчиси Сергей Тумасян ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса бекободликлар сафидаги энг номдор ва тажрибали футболчи Сервер Жепаров пенальтини аниқ бажариб, ўйинга якуний нуқтани қўйди: Металлург Бухоро 2:0.
Эслатиб ўтамиз, бугун яна иккита учрашув ўтказилади. Жумладан, Термизда Сурхон футболчилари Самарқанднинг Динамо сини қабул қилишса, ўтган мавсум совриндорлари Локомотив ва Навбаҳор жамоалари Тошкентда ўзаро куч синашади.
Manba: uza. uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!