Ўзбекистон Россия билан ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ ишга солишдан манфаатдор — президент

Ўзбекистон Россия билан ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ ишга солишдан манфаатдор — президент

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10−11 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтаётган «Валдай» халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси иштирокчилари, ташкилотчилари ва меҳмонларига ўз қутловини йўллади. Қутлов матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Давлат раҳбари ўз қутловида «Валдай» клубининг ҳар бир йиғилиши ҳамиша бутун дунё мутахассислари ва жамоатчилиги ўртасида катта қизиқиш уйғотадиган ёрқин ҳодиса бўлиб келганини қайд этиб ўтди.

«Қисқа вақт ичида Марказий Осиё халқларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли минтақада мутлақо янги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муҳитини яратишга эришилди. Сиёсий ишонч юксак даражага кўтарилди. Бу эса бугунги кунда минтақадаги ҳаётий муҳим муаммоларни самарали ҳал этиш имконини бермоқда. Давлат чегаралари, сувдан фойдаланиш, транспорт ва савдо масалалари бўйича оқилона муросага эришилди», — дейилади Ўзбекистон раҳбари табригида.

Табрикда қайд этилишича, Ўзбекистон кўп томонлама минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори. «Асосий мақсадимиз Марказий Осиёни барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақа, тинчлик ва ҳамкорлик маконига айлантиришдан иборат. Шубҳасиз, буларнинг барчаси глобал хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бутун Евроосиё минтақасини ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, минтақа мамлакатларининг дунёдаги етакчи ҳамкорлар, биринчи навбатда, Россия билан ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли муносабатларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар очиб беради», — дейилади қутловда.

«Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг ишончли стратегик ҳамкори ва иттифоқдоши, — деди давлат раҳбари. — Азалий дўстлик ришталарига асосланган муносабатларимиз изчил ривожланиб, янги амалий мазмун билан бойимоқда».

«Ўзбекистон савдо, саноат кооперацияси, инвестиция, инновациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги, йирик трансминтақавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг мавжуд салоҳиятини тўлиқ ишга солишдан манфаатдор. Маданият ва таълим соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда», — дейилади Шавкат Мирзиёевнинг табригида.

Қутловда Ўзбекистон президенти «Валдай» клубининг Ўзбекистондаги бугунги учрашуви мамлакатларимизнинг ишончли мулоқот ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда барча даражаларда ривожлантиришга бўлган ўзаро интилишининг ёрқин далили эканини таъкидлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!