Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қозоғистон Республикаси Биринчи Президентининг амалий учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қозоғистон Республикаси Биринчи Президентининг амалий учрашуви бўлиб ўтди

25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг амалий учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув Қозоғистон томонининг таклифига биноан Туркистон вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудидаги Сариағаш шаҳрида ўтказилди.

Икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг оқибатларини тез фурсатда енгиб ўтиш мақсадида ҳукуматлар даражасида яқиндан мувофиқлашув ва самарали ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва товар айирбошлашнинг ўзаро келишилган кўрсаткичларига эришиш учун қулай шароитлар шакллантиришни давом эттириш, қабул қилинган қўшма “Йўл харитаси” доирасида саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида кооперация бўйича устувор лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, минтақавий шерикликни, жумладан, 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви якунида эришилган келишувлар асосида илгари суриш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, МДҲ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари ўртасида яхши қўшничилик ришталари ва ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда доимо қатъий эканликларини яна бир бор таъкидладилар.

Учрашув ҳар доимгидек очиқ ва дўстона руҳда ўтди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!