Ўзбекистон Президенти ва Хитой Раиси кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар
Бишкек шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Хитой етакчисига Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган самимий табриги ҳамда Ўзбекистон – Хитой кўп қиррали муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Келгуси йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 35 йил тўлади. Ушбу қутлуғ санани кенг нишонлаш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф этилди.
Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Барча даражаларда алоқалар изчил мустаҳкамланиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик ривожланмоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Томонлар ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги тизимли стратегик мулоқотни давом эттириш ва парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидладилар. Ўзбекистон “ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши қатъий курашни доимий қўллаб-қувватлаши қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18 миллиард долларга яқинлашди. Келгусида унинг янада ўсишига ишонч билдирилди.
Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича янги маррани белгилаш таклиф этилди. Шу мақсадда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳамда Ўзбекистон корхоналарининг Хитойда ўтказиладиган савдо кўргазмаларида фаол иштирокини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар давом эттирилади.
Амалдаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард долларни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда 6 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Энергетика, кимё саноати, металлургия, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт ва инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ҳамда юқори технологиялар соҳаларида саноат кооперациясининг истиқболли йўналишлари белгиланди. Рақамли иқтисодиёт, тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳаларидаги “ўсиш нуқталари” кенгайтирилади.
Технологик шерикликнинг ёрқин намунаси сифатида “BYD” компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қайд этилди. Ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш режалари қўллаб-қувватланди.
Хитой компанияларига Ўзбекистон ҳудудларидаги қўшма саноат з