Ўзбекистон: Пойабзал божини кўтараётган Ўзчармсаноат ёлғончими?

Ўзбекистон: Пойабзал божини кўтараётган Ўзчармсаноат ёлғончими?

Оёқ кийимлар импорти божини ошириш ҳақидаги қарор лойиҳаси норозиликларга сабаб бўлди. Қарор ташаббускори "Ўзчармсаноат" уюшмаси уни ҳимоя қиламан, деб ҳол қўйгани айтилмоқда. Бу ҳақда bbc.com махсус хабар эълон қилди.

Regulation.gov.uz сайтига қўйилган қарор лойиҳасида 2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб, импорт қилинаётган пойабзалга 30 фоизлик бож тўлови киритиш белгиланган.

Қарор лойиҳасига фикр билдирганларнинг кўпчилиги бу навбатдаги монополия ички бозорда нархларнинг ошиши ва сифатнинг тушишига олиб келишини ёзган.

"Ўзчармсаноат" уюшмаси 15 июн куни қарор лойиҳасини ҳимоя қилиш учун ўз сайтида хабар чоп қилди.

Унда жаҳондаги пойабзал импортига қўйилган божларни солиштириш орқали жорий қилиниши кутилаётган 30 фоизлик бож тўловини оқлашга ҳаракат қилинган.

"Бугунги кунда пойабзал маҳсулотлари учун Покистонда 25%, Туркияда 30-50%, Вьетнамда 10-20%, пойабзал саноати ривожланган ва маҳсулотлари бутун дунё бўйлаб сотилаётган Хитойда эса 100% импорт божи ўрнатилган", - дейилади Ўзчармсаноат уюшмаси мақоласида.

Бироқ иқтисодчилар уюшмани ёлғончиликда айблади.

"Виждонсиз ёлғончилар", деб ёзди Мэдисон (АҚШ)даги Висконсин университети бизнес мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Facebook саҳифасида.

"Биринчидан, Хитой Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)нинг аъзоси, бу дегани унга аъзо давлатлар учун бож тарифлари ўртача нолга тенг. Иккинчидан, ЖСТга аъзо бўлмаган давлатлар учун ҳам пойабзал божи атиги 12%. Бундан ташқари Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2017 йилда Хитойда ўрталама бож 3,7%ни ташкил қилган. Бу савдо урушини инобатга олганда", дейди у.

Иқтисодчи бошқа давлатларда оёқ кийимларга қўйилган бож деярли нолга тенг эканлигини айтган.

"Ўзчармсаноат" божларнинг кўтарилиши монополияга олиб келиши мумкин, деган эътирозга Ўзбекистонда 700 дан ортиқ пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритишини мисол келтирган.

Уюшма рағбатлантириш механизми, яъни "протекционизм" бутун дунё бўйлаб кенг қўлланилишини таъкидлаган ва Ўзбекистонда ҳам шу йўлда бориш орқали мамлакат саноатини ривожлантириши мумкинлигига ишора берган.

"Эркин савдо сиёсати (фритрейдинг) эса, айниқса саноати етарли даражада ривожланмаган мамлакатда ишлаб чиқаришга бўлган қизиқишни камайтириб мамлакат саноатининг вайрон бўлишига, иқтисодий пасайиш ва қашшоқликка олиб келади", дейилади расмий мақолада.

Яна бир иқтисодчи, korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов Ўзбекистонда электр технологиялар саноатига яратилган протекционист муҳитдан сўнг чарм-пойабзал саноатини "ҳимоя" қилиш янги протекционизм (рағбатлантириш механизми) лойиҳаси кириб келаётганидан хавотир билдирган.

"Протекционизм ва импорнинг ўрнини босиш сиёсатининг зарарлари тўғрисида кўп ёздим ва гапирдим. 30 миллион жуфт оёқдан иборат бозорни курашсиз ва рақобатсиз ҳамда натижада уларнинг қиммат баҳо ва сифати паст маҳсулотига таҳдид туғдирмайдиган ҳолатда сотиб олиш сиёсати ишлаб чиқарувчиларга жуда ҳам қулай ва фойдалидир. Яна маҳсулотнинг замонавийлиги ва модаси борасида ҳам хавотирга тушмаса бўлади", деб ёзди у.

У Хитойдаги пойабзал импорти борасида нотўғри тасаввурга эга "Ўзчармсаноат" уюшмаси мутахассисларининг малакасини савол остига олди.

Бундай бошқарув билан 300 фоизлик бож тўлови киритилса ҳам соҳани мағлубиятдан қутқариб бўлмайди, дейди у.

Иқтисодчи агар қарор лойиҳаси қабул қилинса, одамлар сифатли маҳсулотларни интернет орқали буюртма қилишга ўтиб кетиши, контрабанда ва қора бозор ривожланиб кетишига олиб келиши мумкинлигини тахмин қилган. Сифатли оёқ кийимларнинг нархи ошиб кетади.

Пойабзал божларининг ошиши мумкинлиги ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳам норозилигига сабаб бўлди.

Блогер Шаҳноза Соатова ўз ўқувчиларини қарор лойиҳасига фаол муносабат билдиришга чақирди.

"Бож ошса, сифатли пойафзал янада қимматлашади. Қачонгача бир йилга етмай пошнаси узилиб, оғзи очиладиган оёқ кийимларда юрамиз? Қачонгача лоббистлар фойдасига халқ пул тўлайверади? Ўзимизда сифатли оёқ кийим чиқаришни ўрганишсин аввал, кейин четдан келадиган сифатли товарнинг йўлини тўсишсин", дейди у.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!