“Ўзбекистон” меҳмонхонасининг катта улуши Сингапур компаниясига сотилди

“Ўзбекистон” меҳмонхонасининг катта улуши Сингапур компаниясига сотилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги “Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 661-сон қарорига мувофиқ “Otel Uzbekistan” МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши оммавий савдоларда сотилиши белгиланган.

Шунга мувофиқ, Агентлик томонидан “Otel Uzbekistan” МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши дастлаб, 33,0 млн. АҚШ долларига танлов савдолари орқали сотувга чиқарилган эди.

Мазкур давлат улушини сотиш шартлари этиб харид тўловини тўлашдан ташқари:

а) 2 йил муддатда 100,0 млрд. сўм инвестиция киритиш;

б) давлат улушини сотиб олгандан сўнг 10 йил давомида асосий фаолият турини (меҳмонхона хизматини кўрсатиш) сақлаш;

в) ташқи фасадини ўзгартирмасдан меҳмонхонани таъмирлаш;

г) меҳмонхонани бошқаришга энг яхши менежерларни жалб қилиш белгиланганди.

Юқорида кўрсатилган нархда (33,0 млн. АҚШ долларига) талабгорлардан мурожаат тушмаганлиги сабабли, давлат улушининг бошланғич нархи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ–2200-сон қарорига асосан, 10 фоиздан босқичма-босқич 30 фоизгача пасайтирилган ҳолда 23,1 млн. АҚШ доллари нархида танлов савдоларига чиқарилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан салоҳиятли инвесторларни жалб этиш мақсадида меҳмонхона бизнеси ва туризм соҳасида фаолият юритаётган Буюк Британия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур давлатларининг бу соҳадаги таниқли кампаниялари билан музокаралар олиб борилди.

Музокаралар якуни бўйича якуний таклиф берган 6 та компанияларнинг таклифлари ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижалари бўйича, “Otel Uzbekistan” МЧЖ ҚКнинг 80,13 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича “Bashan investment group pte ltd” (Сингапур) компаниясининг – 24 ой мобайнида 23,2 млн доллар тўлаш, 1,5 йил ичида 100 млрд сўм инвестиция киритиш ва 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш таклифи – Давлат тендер комиссияси томонидан маъқулланди.

Ушбу қарорга асосан, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Bashan investment group pte ltd” (Сингапур) компанияси ўртасида юқорида кўрсатилган шартлар асосида “Otel Uzbekistan” МЧЖ ҚКнинг 80,13 фоиз давлат улушини сотиш бўйича шартнома имзоланди.

Манба: human.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!