Ўзбекистон матбуоти эркин бўлмаган давлатлар қаторида қолмоқда

Ўзбекистон матбуоти эркин бўлмаган давлатлар қаторида қолмоқда

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ҳар йиллик жаҳон давлатларида матбуот эркинлиги рейтингини эълон қилди.

Рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон матбуоти 61.15 кўрсаткич билан 165-ўринда қолган.

«Чегара билмас мухбирлар» мамлакатимиздаги сўз эркинлиги ҳолатини «мураккаб» деб баҳоламоқда. Ўзбекистон рейтингда ўтган йили 169-ўринни эгаллаганди, 2018 йил баҳорида эълон қилинган рейтингда 4 поғона кўтарилиш кузатилган ва 165-ўрин забт этилганди.

Рейтингда кучли бешликни Норвегия, Швеция, Нидерландия, Финландия ва Швейцария забт этган. Рейтингда охирги ўринларда Туркманистон, Эритрея ва Шимолий Корея жойлашган.

Матбуот эркинлиги рейтинги «маҳаллий журналистларнинг эркинлик даражаси»га кўра сараланган 180 та давлат рўйхатидан иборат.

У турли давлатлардаги журналистлар, юристлар ва социологларнинг махсус анкетасига берилган жавобларига кўра тузилади. Анкета саволлари журналистлар иши билан боғлиқ кенг доирали мавзуларни қамраб олади — қонунчилик, ўзини ўзи цензура қилиш, медианинг эркинлиги, фикрлар плюрализми, турли институтлар ва идораларнинг журналистлар билан ишлашга тайёрлиги ва ҳоказо.

Бундан ташқари, баҳолашда ўлдирилган, қамоққа ташланган журналистлар сони, шунингдек жиноий таъқиб қилинаётган блогерлар ва журналистлар ассистентлари каби айрим қўшимча мезонлар ҳам ҳисобга олинади.

Маълумот учун, «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти 1985 йили Франциянинг Монпелье шаҳрида ташкил этилган. Ташкилотнинг асосий мақсади бутун дунёдаги матбуот соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар ва инсонлар манфаатини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бош офиси Парижда жойлашган бу ташкилотнинг шиори «Эркин матбуотсиз бирор тўқнашув ва кураш ҳақида ҳеч қачон билиб бўлмайди».

Manba: zamin.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!