Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясида селекция жараёни қизғин

Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясида селекция жараёни қизғин

Бугун ёшларимиз орасида шарқона яккакураш турларига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас, зотан сўнгги йилларда ватанимиз спортчиларининг халқаро ареналарда қўлга киритаётган оламшумул ғалабалари мурғак қалб соҳибларини спорт тўгараклари томон етакламоқда, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси раҳбарияти томонидан мамлакатимизда ушбу спорт турини янада кенг оммалаштириш, ҳудудларда селекция жараёнларини ўтказиш орқали иқтидорли ёшларни саралаш, шу орқали ўсмирлар ҳамда ёшлар терма жамоаларимизга муносиб захира шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда жорий йил 9-10 февраль кунлари Термиз шаҳрида болалар ва ўсмирлар ўртасида Сурхондарё вилоят чемпионати ўтказилди. Унда вилоятнинг барча туманларидан ёш ва умидли спортчилар ғолиблик учун татамига чиқишди.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад аввало ҳудуд ёшлари орасида Олимпия ўйинлари дастурига киритилган каратэ турини кенг оммалаштириш ҳамда энг иқтидорли ёшларни саралаб олишдан иборат. Бугунги кунда Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси барча терма жамоалар учун тенг кучли бир нечта таркибни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Негаки рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Қолаверса, бугун каратэ спортида рейтинг тизими жорий этилган бўлиб, энди спортчилар энг нуфузли мусобақалар, хусусан Олимпия ўйинларига рейтинг очколари бериладиган А Серияли турнирларда мунтазам қатнашиб туришмаса, рейтингдаги мавқеини бой бериши мумкин. Шунинг учун селекция жараёнига жиддий эътибор қаратмоқдамиз, - деди биз билан суҳбатда Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси вице-президенти Комилжон Одилов.
Сурхондарёда бошланган селекция ишлари энди Қашқадарё вилоятига кўчади. Шу зайлда Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси махсус ишчи гуруҳи юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб, ёш спортчилар орасидан энг иқтидорлиларини саралаб олади. Бу эса табиийки юртимизда каратэ спортининг янада ривожланишига хизмат қилади.
Manba: uza. uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!