Ўзбекистон икки давлатдан вакцина сотиб олишни режалаштирмоқда – Беҳзод Мусаев

Ўзбекистон икки давлатдан вакцина сотиб олишни режалаштирмоқда – Беҳзод Мусаев

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Ўзбекистонда коронавирус билан кураш қай тарзда ташкиллаштирилгани ҳақида маълумот берди.

«Бугунги кунда Ўзбекистонда коронавирус билан 54 мингдан ортиқ одам зарарланган бўлса, бу аҳолининг 0,15 фоизини ташкил қилади. Ўлим кўрсаткичи эса Ўзбекистонда бошқа давлатлар билан солиштирганда жуда паст.

Бошида керакли нарсаларни чет давлатлардан импорт қилишга тўғри келган бўлса, ҳозир ўзимизда ҳам ишлаб чиқариш имконияти кенгайтирилмоқда. Масалан, бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги лабораторияда ойига бир миллион тест ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тиббий ниқоблар ҳажми эса кунига 7 миллионга етказилди», деди Беҳзод Мусаев.

У пандемия даврида 3та нарсага эътибор қаратилгани, биринчи навбатда, шифохоналарни тайёрлаш, кейинги ўринда уларни жиҳозлаш масалалари тургани, учинчи масала эса кадрлар ва дори-дармонларни тайёрлашни ҳал қилиш бўлганини айтиб ўтди.

Қайд этилишича, шифохоналарни, саралаш-тақсимлаш марказларини тайёрлаш ишлари, керакли тиббиёт жиҳозларини сотиб олиш етарлича амалга оширилган.

Беҳзод Мусаев коронавирусга қарши вакцина харид қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ҳозирги кунда Хитойнинг 2та компанияси вакциналарнинг учинчи босқичдаги синовларини ўтказмоқда. Россия Федерацияси ҳам вакцина синови ишларини олиб бормоқда. Давлат раҳбари томонидан Хитой билан ҳам, Россия Федерацияси билан ҳам вакцина масаласида ҳамкорликни кенгайтиришга йўл очиб берилди.

Бу жараёнда иштирок этиш билан фанимиз ривожланади. Вакцинация ишларини ўрганиш орқали олимларимиз кўп нарса ўрганиши мумкин ва янги нарсаларга йўл очилади», деди бош вазир ўринбосари Халқаро пресс-клубнинг «Ўзбекистон-БМТ: муҳим ташаббуслар ва актуал таклифлар» мавзудаги президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқига бағишланган сессиясида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!