Ўзбекистон фан арбоби, академик, профессор, йирик адабиётшунос олим Бахтиёр Назаров вафот этди

Ўзбекистон фан арбоби, академик, профессор, йирик адабиётшунос олим Бахтиёр Назаров вафот этди

Бугун Ўзбекистон фан арбоби, академик, профессор, йирик адабиётшунос олим, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бахтиёр Назаров 77 ёшида вафот этди.

Бахтиёр Назаров 1945 йилнинг 17 сентябрида Тошкент шаҳрида туғилган, 1966 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)ни тамомлаган.

У Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, илмий котиб (1969−1972; 1979–1983 йиллар), директор (1986−1990 йиллар), бўлим мудири (1990 йилдан), ЎзФА Бош илмий котиби ўринбосари (1973−1979 йиллар), вице-президент вазифасини бажарувчи (1999−2000 йиллар) лавозимларида фаолият юритган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси (1990−1992 йиллар), олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари (1992−1994 йиллар), «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг бош муҳаррири (1986−1994 йиллар) сифатида ишлаган.

Бахтиёр Назаров ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиёти, танқидчилик ва адабиётшунослик методологияси муаммолари бўйича салмоқли илмий ишлар қилган. У ўз тадқиқотларида Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов каби адибларнинг ижодий меросини ўрганган. Ойбекнинг 20 жилдли «Мукаммал асарлар» тўплами, уч жилдли Шекспир асарлари, «Имом Бухорий ва унинг дунё маданиятида тутган ўрни» каби кўплаб китобларни нашрга тайёрлашда қатнашган.

Сайтимиз жамоаси Бахтиёр Назаровнинг вафоти муносабати билан олимнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!