Ўзбекистон божхоначилари афғон наркотиклари транзитини олдини олишди

Ўзбекистон божхоначилари афғон наркотиклари транзитини олдини олишди

Ўзбекистон божхоначилари катта партиядаги афғон наркотиклари транзитини олдини олишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Сўнгги таҳлилий маълумотларга кўра, МДҲга аъзо давлатлари чегаралари орқали товар ва транспорт воситалари ҳаракати йилдан йилга сезиларли равишда ортиб бормоқда. Шу баробарда ноқонуний товар-моддий бойликларнинг оқими ҳамда контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари хавфи ҳам сақланиб қолмоқда.
"Ушбу жараёнга Афғонистондаги мавжуд вазият ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари томонидан томонидан катта партияда афғон наркотикларининг транзит олиб ўтилиши олди олинди. Шунингдек, сунъий гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқараётган нарколабораториялар фаолияти ҳам фош этилди. Бир сўз билан айтганда, йил бошидан буён Ўзбекистонда божхоначилар салкам 306 кг. гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишди", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, пандемия даврида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дориларнинг интернет орқали савдоси ҳам кучайиб, уларнинг почта жўнатмалари орқали кириб келиш ҳолатлари ҳам кузатилаётгани таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 3-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳри МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари Қўмитасининг навбатдаги мажлиси ва унинг доирасидаги қатор ишчи учрашувларига мезбонлик қилди. 2021 йил 7 октябрь куни эса Тошкентда асосий тадбир - МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари Қўмитасининг 21-мажлиси бошланди.
Минтақада божхона соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган мазкур муҳим тадбир аслида 2020 йилда - Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги даврига мўлжалланган бўлиб, пандемия сабабли ортга сурилган эди.

Мажлисда Ўзбекистон, Арманистон, Беларус, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларининг 30 нафардан зиёд раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этмоқдалар.
Қўмита йиғилишида иқтисодий жиноятлар, гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш, божхона суриштируви ва кинология соҳасида ҳамкорлик, божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалари ходимлари малакасини ошириш, Жаҳон божхона ташкилотининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш борасидаги минтақавий алоқа тармоғи – "Rilo-Москва" доирасида ахборотлар алмашинувига доир 15 дан ортиқ масалалар кўриб чиқилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!