Ўзбек-қирғиз можаросидан ким манфаатдор?

Ўзбек-қирғиз можаросидан ким манфаатдор?

Интернетда Сўхда бўлган этник низолар ҳақида ўқирканман, одамларнинг муносабатига қизиқиб, хабар остидаги моҳазаларни кўздан кечирдим. 

"Ўзи қирғизлар шундай миллат" дейди бири. "Булар ўзи озчилик, ҳаммага сакрайди" дейди бошқаси. 

Баъзилар Ўзбекистон томондагиларни айблаган, ҳаа ана инсофлилар дейсизми, йўқ, бундай деб айблаган:

"Ўзи Сўхда (Ўзбекистон томонда яъни) тожиклар яшайди, тожиклар шунақа бўлади..."

Aслида биз ҳам, қўшниларимиз ҳам қон-қонига сингиб кетган миллатчимиз. 

Мақолларимизни қаранг:

"Тожикдан дўстинг бўлса, ёнингда ойболтанг бўлсин."

"Татар бор жойда хатар бор". 

Андижон томонларда бировга довдирмисан деган маънода "қирғизмисан" дейишса, 

Тошкентда "қозоқмисан" дейишади. 

Ҳатто Мадинада ўқийдиган туппа-тузук илмли йигитлар қора танлиларни "қоравойлар" деб атайдилар. Қаровойлар сассиқ бўлади, ҳиндлар сассиқ бўлади каби гапларниям жуда кўп эшитганман. 

Ўйлайманки, жоҳилиятдан қолган бундай жирканч хулқлардан воз кечиб, кишиларга Аллоҳнинг ўлчовлари билан баҳо беришни ўрганишимиз лозим. 

Аллоҳ Таоло айтади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَىٰ وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرا
 الحجرات : 1

"Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. "

Ўзи aқл ва соғлом виждон ҳам шунга буюради. Ўйлаб кўринг, оқ ёки қора, ўзбек ёки қирғиз бўлиб туғилиш бизнинг танловимиз ёки меҳнатимиз билан бўлмаган. 

Одамларни улар меҳнат қилиб эришган нарсалар учун ҳурмат қилиш ақл тақозоси эмасми?!

Энди кимда-ким мен ўзбек бўлганим учун қирғиз ёки қозоқдан яхшироқман, деса, у Иблиснинг динида бўлади. Зеро Иблис айтди:

أَنَا خَيْرٌ مِّنْهُ خَلَقْتَنِي مِن نَّارٍ وَخَلَقْتَهُ مِن طِينٍ

 [الأعراف : 12]

«Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни лойдан яратгансан»

Шундай экан, Аллоҳга қайтайлик. Аллоҳ иймон нури учун танлаган ҳар қандай мўминни яхши кўришни ўрганайлик. 

Агар биров юқоридагидек мақол ва иборалар билан миллатчилик қилса, сен шайтоннинг динига қараб юрма, Аллоҳнинг динида иймон эгаларини севишга буюрилганмиз, дейлик.

Мен муаммони аввало ўзимиздан қидирайлик деганим бежиз эмас. Этник низолар ва миллатлараро нафратни муолажа этишнинг синалган ва балки ягона йўли шуки, ҳар бир томоннинг зиёлилари ўзларининг тоифасини, ўзларининг миллатини тинчлантиришга уриниши, муҳаббат ва дўстликка ундаши керак. Сабаби, нариги томон сизни эшитмайди. 

Ганди "мусулмонлар қирғини тўхтамаса, овқат емайман" деб очлик эълон қилганида, экстремист ҳиндлар, нега мусулмонлар ерларидаги ҳиндларни ҳимоя қилмайсан, уларга тўхташни буюрмайсан, дейишади. 

Шунда у айтади: "мен бу ерда мусулмонни ҳимоя қилиб, низони тугатсам, улар ўз ерларида ҳиндларни ҳимоя қилиб, низоларни тугатишади". 

Мен Гандининг шахсияти ва яхши-ёмон томонлари муҳокамасига кирмоқчи эмасман. Бироқ айни воқеадан ибрат олса бўлади. 

Аллоҳ бизларни бир-биримизга муҳаббатли қилсин! 

Pосулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофида бўлганларга Қуръонда  берилган мана бу гўзал вафсларга бизларни ҳам муносиб қилсин:

مُّحَمَّدٌ رَّسُولُ اللَّهِ ۚ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ ۖ 

"Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар."

Манба: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!