"Ўзбек аёлларининг ҳам дунёга айтар сўзи бор!" Саида Мирзиёева Дубайда ўтаётган Бутунжаҳон аёллар форумида нутқ сўзлади

"Ўзбек аёлларининг ҳам дунёга айтар сўзи бор!" Саида Мирзиёева Дубайда ўтаётган Бутунжаҳон аёллар форумида нутқ сўзлади

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева 16-17 февраль кунлари Дубайда ўтаётган Бутунжаҳон аёллар форумининг дастлабки кунида нутқ сўзлади.

«Келажак ҳақида фикр юритувчилар ва инноваторлар учун аёллар, ёш авлоднинг келажаги, замонавий дунёда улар дуч келаётган қийинчиликларни муҳокама этиш ҳамда биз кўришни истайдиган келажакни лойиҳалаш учун Бирлашган Араб Амирликларидан яхшироқ жой йўқ», – деди Мирзиёева нутқи аввалида.

«Биз бугун бу ерда эканимизнинг боиси – тажриба алмашиш, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш ва руҳлантириш, қолаверса, жамиятларимиздаги аёлларнинг ролини ошириб, уларга инсоният цивилизациясига ўз ҳиссаларини қўшиш имконини яратиб беришдир.

Шунга аминманки, ўзбек аёлларининг ҳам дунёга айтар сўзи бор – улар инсониятнинг иқтисодий ва маданий тараққиётига салмоқли ҳисса қўша олишади», – деди Саида Мирзиёева.

Ўзбекистон вакили мамлакат тарихининг оғир синовли йилларини эслаб ўтиб, бу даврларда ҳам аёллар жамият ҳаётида кечган воқеликларнинг ажралмас қисми бўлиб келганини таъкидлади.

«Ўзбекистоннинг узоқ тарихи – аёлларимизнинг ҳам ўтмишидир. Шоирлар, давлат расмийлари, дипломатлар, муҳандислар, ҳамширалар, рафиқа ва оналар. Бу нозик шарқона санъат бўладими, ёки қатъий ва аниқ фанларми – ўзбек аёллари барча соҳаларда аъло даражада илгарилаб боришди, аммо сояда қолиб келишди.

Уларга бошларини баланд кўтариб, ўз қобилиятлари ва маҳоратларини қўрқмай, чекловларсиз кўрсата олиш имконини берадиган вақт келди», – деди Мирзиёева.

У ўз сўзида Ўзбекистон аёллар ва имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари юзасидан БМТ, ЕХҲТ, Жаҳон Банки, Ислом Тараққиёт Банки каби халқаро тузилмалар билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани, мамлакатда гендер тенглигига катта эътибор қаратилаётгани ҳақида гапириб ўтди.

«Бувим иккинчи жаҳон уруши йилларида турмуш ўртоғини ҳам руҳан, ҳам молиявий жиҳатдан қандай қўллаб-қувватлаганини яхши эслайман. Онамнинг отам ва биз фарзандларига чексиз мадад ва меҳр-муҳаббатини аямагани доим ёдимда туради», – дейди Саида Мирзиёева.

Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси сўзида давом этар экан, мамлакат тараққиётида катта ютуқлар қўлга киритилаётгани, шу билан бирга жамият янги таҳдидлар билан тўқнаш келаётганини айтиб ўтди.

«Бу жараёнларнинг барчасида аёллар энг олдинги қаторларда туришибди – қишлоқ жойларда ресурслар етишмовчилигидан азият чекишяпти. Шаҳарларда эса оиладаги аёллик мажбуриятларини касби билан қўшиб бажаришда қийинчиликка учрашяпти.

Давр тақозоси билан биз ҳам яхши она, ҳам яхши мутахассис бўлишимиз, жамиятимнинг олд қаторларида юриш билан бирга оиладаги молиявий барқарорлик ҳақида қайғуришимиз лозим», – деди у.

Саида Мирзиёева Ўзбекистон ривожига катта ҳисса қўшган аввалги авлод вакиллари бўлмиш аёллар мамлакатдаги ҳозиргидек гендер тенглигини тасаввур ҳам қилишмаганини қўшимча қилиб ўтди.

«Бизнинг аёлларимиз жаҳон тараққиётига ҳисса қўша оладилар. Бизнинг вазифамиз эса ана шунинг учун замин яратиб бериш.

Энг мушкул вазифа – аёлларимизнинг ўзларини улар энг яхшисига муносиб эканликларига ишонтиришдир. Олдимизда қийин йўл турибди, аммо бу шунга арзийди. Аёлларимизга куч бағишлаш орқали биз миллатимизга куч берамиз, инсониятни мустаҳкамлаймиз!» – дея ўз нутқини якунлади Саида Мирзиёева.

 

 

 

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!