UzAuto Motors ходимларнинг иш ҳаққидан норозилиги бўйича муносабат билдирди

UzAuto Motors ходимларнинг иш ҳаққидан норозилиги бўйича муносабат билдирди

UzAuto Motors Транспорт ташувлари бошқармаси ҳайдовчилари иш ҳақи кескин камайганидан ва ундан ушлаб қолинаётганидан шикоят қилдилар. Компания иш ҳақи бўйича қарздорлик йўқлигини таъкидлаб, ходимларнинг иш ҳақидан кредит тўловлари ушлаб қолинганлигини ва суд қарорига асосан мажбурий ундирув амалга оширилганини маълум қилди.

6 март куни ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors ходимлари компаниянинг автотураргоҳига йиғилгани ва иш ҳақининг кескин пасайиб кетганидан, шунингдек ундан ушлаб қолинганидан норози бўлаётганликлари акс этган видео тарқалди.

Трейлер ҳайдовчиларидан бири 20 минг сўм, иккинчиси 450 сўм иш ҳақи олганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, иш ҳақи масаласи 5 ой давомида ўрганилган, аммо ҳозирча ҳеч қандай натижа йўқ.

Бошқа бир ходим компания вакилларига асосланиб, «компьютер хатоси» туфайли ишчиларнинг иш ҳақи 1 йил 3 ой давомида нотўғри ҳисобланганлигини таъкидлади. Етишмаётган маблағ ишчиларнинг ойликларидан қопланиши айтилмоқда.

Шу куннинг ўзида UzAuto Motors компанияси Транспорт ташувлари бошқармаси ҳайдовчилари Д.Раҳмонов, Ж.Султонов ва бошқа ишчиларнинг мурожаатини ўрганиб чиқди.

Компания иш ҳақи бўйича қарзи йўқлигини маълум қилди.

«Февраль ойи учун иш ҳақи ўтган ойнинг 20 санасида аванс тариқасида, март ойининг 5 санасида тўлиқ тўлаб берилган. Ходимнинг иш ҳақидан унинг ёзма аризасига асосан кредит тўловлари ҳамда суд қарорига асосан мажбурий ундирув амалга оширилган», — дейилади хабарда.

Компания мазкур мурожаат юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят бандликка кўмаклашиш бошқармаси ходимлари иштирокида ҳайдовчилар билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув доирасида «UzAutomotors» АЖ томонидан иш ҳақини тўлиқ ҳисоблаб тўлаб берилганлиги, компания томонидан бирор-бир асоссиз ушланмалар амалга оширилмаганлиги, шунингдек ишчи-ходимларга яратилган ижтимоий ҳимоя пакети яъни, транспортда ишга келиб-кетиши, махсус кийим-бош билан таъминланиши, овқатланиши, тиббий кўриклари учун тўловлар компания ҳисобидан амалга оширилаётганлиги тушунтириб берилди.

Оила кодексининг 99 моддасига биноан, болаларни боқиш учун ходимнинг даромадидан ушлаб қолинадиган алиментнинг миқдори бир нафар бола учун — 25%, икки нафар бола учун — 33,3% , уч ва ундан ортиқ бола учун — 50 фоизни ташкил этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!