"Ўз касбининг ҳақиқий фидойилари бўлган ўзбек шифокорларига раҳмат айтаман"

"Ўз касбининг ҳақиқий фидойилари бўлган ўзбек шифокорларига раҳмат айтаман"

Қирғизистондан Ўзбекистонга сиам эгизаклари бўлган набираларимни октябрь ойида олиб келгандик. Ўшанда улар 5 ойлик эди. Туғуруқхонадан олиб чиқаётганимизда чақалоқларнинг яшаб қолишига умид йўқ, дейишган. Қариндошларимиз орқали юртингизнинг тажрибали дўхтирлари билан боғланганимизда, бизга умид беришди.

Бир неча ой эринмасдан онлайн консультация қилиб бордилар. Кейин қатор текширувлардан ўтказиш кераклигини айтишганида, мушкул аҳволда қолдик. Чунки биз яшаётган Ўш шаҳрида бу эгизакларни текширувлардан ўтказишнинг имкони йўқ эди. Шунинг учун Ўзбекистонни қора тортиб келдик.

Тошкентга келганимизда чақалоқлар жарроҳи Бахтиёр Эргашев: “Мана кўрасиз, ҳали бу ердан невараларингизни соғлом ҳолда, икки қўлингизда алоҳида-алоҳида кўтариб чиқиб кетасиз”, деб бизга далда берди.

Операция бошланишидан олдин ҳам бундай амалиёт жуда мураккаб экани, агар хоҳишимиз бўлса, бошқа давлатда ўтказишимиз мумкинлиги ҳақида айтишди. Лекин дўхтирларнинг аввалги операциялари натижалари ҳақида хабардор бўлганимиз учун уларга охирги дақиқагача ишонч билдирдик.

Мана, туғилганида яшаб кетишига ҳеч кимнинг кўзи етмаган набираларим 7 ойлик бўлди. Бунга, аввало, Аллоҳнинг марҳамати, сўнгра ўзбекистонлик шифокорларнинг маҳорати сабаб. Ўз касбининг ҳақиқий фидойилари бўлган, ишини виждонан ва ҳалол бажараётган шифокорларга раҳмат айтаман.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ҳолимиздан хабар олиб келганларида: “Худо хоҳласа, Фотима-Зуҳралар улғайиб, шифокор бўлиб, оқ халат кийсин. Ўшанда ҳам уларни Ўзбекистонда ўқитайлик” деб тилак билдирди. Биз ҳам вазир айтганидек, набираларим келажакда шундай қўли енгил шифокор бўлишини ният қилдик.

Эгизакларимиз ҳаётини сақлаб қолиб, оиламизга бахт улашганлари учун Республика перинатал марказига, муассасанинг Бахтиёр Эргашев раҳбарлигидаги чақалоқлар хирургияси бўлими мутахассисларига, операцияда иштирок этган Ҳабибулло Оқилов ва Насриддин Эргашев каби профессорлар-дўхтирлар чексиз миннатдорлик билдираман.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!