Ўз фарзандларига бақирган тарбиячига интизомий чора қўлланилганини маълум қилди

Ўз фарзандларига бақирган тарбиячига интизомий чора қўлланилганини маълум қилди

Мактабгача таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган боғча тарбиячиси ўз фарзандларини уришаётгани акс этган видеоролик бўйича расмий изоҳ берди.

Эслатиб ўтамиз, июл ойи охирида ижтимоий тармоқларда машғулотни тасвирга олиш жараёни якунланай деган бир вақтда фарзандлари жараёнга ҳалақит берганидан сўнг, болакайларни баланд овозда қўпол сўзлар билан койиган тарбиячи акс этган видеоролик тарқалган эди.

Юқоридаги ҳолат акс этган ролик тайёрланган видеомашғулот ўрнига, янглиш равишда МТТ телеграм гуруҳига жойланган бўлиб, тезда ўчириб ташланган бўлган. Аммо шунга қарамай, ролик орадан 11 кун ўтиб ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.

Мактабгача таълим вазирлиги изоҳига кўра, роликдаги аёл Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги МТТлардан бирида фаолият юритувчи тарбиячи Ҳилола Нурматова эканлиги аниқланган. Нурматова олий маълумотли, мактабгача таълим тизимида бир неча йилдан бери ишлаши, ўтган давр мобайнида у томонидан ҳеч қандай ножўя ҳаракатлар амалга оширилмагани қўшимча қилинган.

Маълум бўлишича, карантин шароитида Нурматова масофадан ўқитиш усулини ўзлаштирган ҳолда, бир неча ой мобайнида, ҳафтасига 4-5 мартадан тарбияланувчилар учун видеомашғулотлар ўтиб келган.

Ёз мавсуми бошланиши МТТ ларда соғломлаштириш даври ҳисобланиб, тартибга кўра бу вақтда фаол таълим жараёни тўхтатилади. Аммо бир неча ташаббускор тарбиячилар, улар қаторида Нурматова ҳам, тарбияланувчиларнинг бўш вақти мазмунли ва фойдали ўтиши учун видеомашғулотларни давом эттиришга қарор қилган.

Ҳолатни ўрганиш жараёнида ўша куни Нурматова видеомашғулотни бир неча марта ёзиб олишга урингани маълум бўлди. Аммо иш билан уй вазифаларини бир вақтда бажариш мажбурияти, жумладан болалар ҳархашаси ҳиссий мувозанатдан чиқиб кетиши, натижада назоратни йўқотган ҳолда овозини баландлатишига сабаб бўлган.

Бу воқеа Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими ҳамда Наманган вилояти Мактабгача таълим Бошқармаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган ва маълум хулосаларга келинган.

Тарбиячи Нурматова касбий этика қоидаларини бузгани учун унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Карантин якунланиб, МТТ лар фаолияти тиклангач Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими томонидан бу тарбиячининг педагогик фаолияти мониторинг қилиб борилиши белгиланган. МТТ раҳбарига эса огоҳлантириш берилган.

Туман МТБсига ўзига тегишли ҳудудда масофадан мактабгача таълим хизматини кўрсатиш жарёни устидан кузатишни кучайтириш, унинг сифатини яхшилаш, мактабгача таълим тизими ходимлари учун қулай шароитлар яратиш бўйича тавсиялар берилди.

Мактабгача таълим вазирлиги болаларга нисбатан ҳар қандай қўпол муносабатга қарши эканлигини маълум қилган ҳолда, фуқаролардан коронавирус пандемияси натижасида ўзи учун янги ва ноодатий бўлган - масофадан таълим жараёнини олиб бораётган педагоглар шароити ва ҳолатини тушунишга ҳаракат қилишни сўраб қолган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!