Ўтин ёқиб, газга пул тўласанг, алам қиларкан...

Ўтин ёқиб, газга пул тўласанг, алам қиларкан...

Нукус тумани "Баханшақли" овул фуқаролар йиғинида яшовчи Гулшат Қонисбаева хонадонида охирги пайтларда газ босими кескин даражада пасайиб кетганди. 

Шу боис у ўчоққа ўтин қалаб, чой қайнатишдан ва овқат пиширишдан ўзга илож тополмади. Ана шундай бир пайтда туман газ таъминоти назоратчисининг хурмача қилиғи ўлганнинг устига тепгандай бўлди. Чунки у вазиятни холисона баҳолаш, газ босимини оширишда хонадон эгаларига кўмаклашиш ўрнига уларни газ ҳисоблагични ғараз мақсадда ишдан чиқарганликда айблади. Ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйиш учун ҳисоблагични Давлат стандарт қиёсловидан ўтказишга юбориш, истеъмолчидан эса норматив бўйича 162 минг 353 сўм миқдорида қарз ундириш хусусида далолатнома тўлдирди.

Табиийки, Гулшат Қонисбаева бу ноҳақликка чидай олмади. Бор гапни қоғозга тушириб, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Шу асосда олиб борилган ўрганишлар жараёнида унинг уйидаги газ қувурида босим деярли йўқлиги, ҳисоблагич эса маромида ишлаши, оила аъзолари ўтин ёқиб кун кечиришаётгани тасдиқланди. Аризачининг даъволари ўринли деб топилиб, назоратчи тузган далолатнома бекор қилинди.​​

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!