«Усмон Носир ҳақидаги манбаларни кимдир ўғирлаб кетаяпти»

«Усмон Носир ҳақидаги манбаларни кимдир ўғирлаб кетаяпти»

"Turon24" мухбири академик Наим Каримов билан суҳбат уюштирди. Наим Каримов германиялик олимда олдинги газеталарнинг деярли барча сони туширилган микрофильм борлиги, Чет эллик олимлар тўплашга ҳаракат қилиши ҳақда айтиб берди. Нима сабабдан бизда тўплашга ҳаракат қилишмайди? деган саволга Академик қуйидагича жавоб қилди:

"Сабаби раҳбарларимиз манбанинг қадрига етишмайди. Мустақиллик йилларида Марказий давлат архивида ишлаганимда жуда бой материаллар бор эди. Ҳозир борсак ўшаларнинг ярми ҳам қолмаган. Кимдир ота-боболарининг айбини яшириш учун уларни йўқ қилган бўлиши мумкин. Президент девони (ҳозирги Президент администрацияси) архивига ҳеч кимни йўлатишмайди. Архивларда 1937 йилнинг одамлари ўтирибди".

T24 мухбири: Архивлар неча фоиз ўрганилди?

Н.К.: 10 фоиз ҳам ўрганилгани йўқ. Манба асосида ўрганилмас экан, ижтимоий фанларга оид бирор янгилик чиқмайди. Бизда шу сабабли ижтимоий фанларга доир тадқиқотлар деярли йўқ, борлари ҳам ҳаминқадар.

T24: Мақсуд Шайхзода, Усмон Носир ҳақидаги ва бошқа маърифий романларингизни ёзиш давомида қандай қилиб манбаларни ўргандингиз?

Н.К.: У манбаларни СССР парчаланмасдан аввал, ошкоралик йилларида архивлар очилганида ўрганганман. Ўшанда архивда ўтириб бир кунда қанча ёзиш мумкин бўлса ёзганман. Чунки эртага келсам эшик ёпиқ бўлиши мумкин эди. Биринчи бўлиб Усмон Носир ҳақидаги манбаларни ўрганганман. Ўша манбалардан кўчириб келганларимни уйда жой йўқлиги учун Адабиёт музейидаги хонамга қўйганман. Кимдир ўғирлаб кетаяпти, чунки кундан кунга ўша қўлёзмаларимнинг баъзилари йўқолиб қолаяпти.

T24: Ким ўғирлаяпти? Балки адашаётгандирсиз.

Н.К.: Қўлёзмалар ўз-ўзидан йўқолиб қолмайди. Бор гап шу.

T24: Устоз, яна жадидлар мавзусига қайтсак. Жадидлардан кейин уларнинг концепциясини кимлар давом эттирди?

Н.К.: Ҳеч ким давом эттирмади. Чунки жадидларнинг фожиаси зиёлиларни қўрқитиб қўйди.

T24: Жадидларнинг концепциясининг асосий моҳиятларидан бири шахс масаласи, тўғрими?

Н.К.: Жадидлар ҳақиқий шахс бўлган. Бунга шубҳа йўқ. Шахс агар мунофиқлашмаса, ёзгани ҳам, қилаётган амали ҳам бир хил бўлса унинг ғояси шахси бўлади. Маълум одамлар бўладики, уларнинг ёзганлари бошқа, амали бошқа. Уларда шахс бўлиши мумкин эмас. Шахс – эътиқод ва амал бирлиги. Масалан, жадидлардан кейин Ойбек домла шахс бўлган деб айтса бўлади. Тўғри, Ойбек домла ҳам замон билан ҳисоблашишга мажбур бўлган, асарларига коммунист образини киритган. Лекин у қадар ўзига хиёнат қилган эмас. Ғафур Ғулом эса бунинг акси. Ғафур ака кўпроқ болаларининг тақдиридан ташвишланарди. Лекин Ғафур Ғуломнинг билим доираси ниҳоятда кенг бўлган. Халқ тилини ҳам ниҳоятда яхши билган. Лекин шахс бўлиш учун донишмандлигу истеъдоднинг ўзи камлик қиларкан.

T24: Устоз, Ғафур Ғулом ҳақида “Абдулла Қодирийни ёзиб берган ижодкорлардан бири” деган гап юради. Шу ростми?

Н.К.: Ёлғон, чунки бундай манба йўқ. Агар ёзиб берганда Ғафур Ғуломни терговда Абдулла Қодирий билан юзлаштиришар эди.

T24: Бугунги адабий жараён ҳақида ҳам фикрларингиз бор бўлса керак.

Н.К.: Илгарилари тақиқланган мавзулар бўлган. Масалан, тарихни идеаллаштириш мумкин бўлмаган. Ҳозир қай мавзуда ёзиш ёзувчининг ўзига боғлиқ. Фақат ёзувчилар ўзининг қизиқиши, билим доирасига қараб ёзади. Аслида шу кеча-кундузда қайси масалага эътибор бериш керак, қайси йўл билан жамиятни юксалтириш керак деган саволларга жавоб топган ҳолда асарлар ёзилиши керак. Адабиёт жамият ҳаётига таъсир қилмайдиган адабиётга айланиб қолди. Бугунги асарлар нейтрал мавзудан нарига ўтмай қолди. Бугун ижодкорлар ёзаётган асарлари билан жамиятни огоҳлантириши керак.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!